Беморларнинг шифокорлар ҳақидаги фикрига кийим таъсир қиладими?

Беморларнинг шифокорлар ҳақидаги фикрига кийим таъсир қиладими?

Америкалик олимлар шифокорларнинг ташқи кўриниши беморларнинг уларга бўлган муносабатига қай даражада таъсир қилишига доир тадқиқот ўтказишди. Маълум бўлишича, тадқиқотда қатнашганларнинг 53 фоизи учун уларни даволовчи шифокор қандай кўринишда экани муҳим, аксарият уни расмий кийимда ва оқ халатда  кўришни маъқул топган. BMJ журнали тадқиқотга доир мақоласи билан бўлишди.

Олимларнинг хулосасига кўра, шифокор қабули ва кўриги вақтидаги психологик қулайлик даволанишнинг бориши ва беморнинг қанчалик тез шифо топишига таъсир кўрсатар экан. Шуниси ажабланарлики, шифокор хизматларидан мамнун одамларда, масалан, даволаниш муолажалари тугагандан кейин 30 кун давомида шифохонага қайтиш ҳолатлари камроқ учрар экан.

Мичиган университети тиббиёт мактабидан Кристофер Петрилли ва унинг ҳамкасблари томонидан ўтказилган тадқиқотда 10 шифохонадаги 4062 нафар бемор иштирок этди.

Беморларга турли кийимдаги тиббий персонал суратларини баҳолаш таклиф этилди:

  • кундалик кийим;
  • кундалик кийим ва тиббиёт оқ халати;
  • ҳаворанг тиббиёт формаси;
  • тиббиёт формаси ва оқ халат;
  • расмий кийим (кўйлак ва шим);
  • расмий кийим ва оқ халат;
  • расмий костюм, кўйлак, шим.

Суратларда ҳам эркак, ҳам аёл шифокорлар акс этган. Ҳар бир иштирокчидан шифокорни беш кўрсаткич бўйича баҳолаш сўралган: ваколат, ишонч, ғамхўрлик, қулайлик ва ҳамёнбоплик. Шундан сўнг иштирокчилардан ўз жинси, ёши, ирқи, маълумоти, сўнгги йилларда даволаган шифокорлари ва шифохонага мурожаат қилиш турига (стационар ёки амбулатор) доир маълумотларни тақдим этиш сўралган. Кўнгиллилар шунингдек тадқиқотчиларга даволовчи шифокорни танлашда нималарга эътибор беришлари ҳақида сўзлаб беришган.

Сўровномада қатнашган беморларнинг 53 фоизи даволовчи шифокорнинг ташқи кўриниши улар учун муҳим аҳамиятга эга эканини айтган бўлса, учдан бир қисми шифокорнинг ташқи кўриниши уларнинг тиббий муолажалардан қониқиш ҳосил қилишига таъсир қилишини маълум қилган. Расмий кийим ва оқ халатдаги шифокорлар ҳаммадан юқори баҳоланган: уларга 0-10 шкаласи бўйича 8 балл берилган. Диққатга сазовор яна бир жиҳат: жарроҳларни ҳаворанг тиббиёт формасида кўришни маъқул топишган. Кундалик кийимдаги шифокорлар энг паст балл билан баҳоланган.

Манба: Kun.uz