Биз нотўғри истеъмол қиладиган 4 озиқ-овқат

Биз нотўғри истеъмол қиладиган 4 озиқ-овқат

Парҳезшунослар биз таом тайёрлаш вақтида йўл қўядиган 4 хатони аниқлади. Улар билан танишинг ва бошқа ҳеч қачон бундай хатоларга йўл қўйманг!

  1. Брокколи

Кўпчилигимиз брокколини тайёрлашда унинг фақат гулидан фойдаланиб катта хатога йўл қўямиз, чунки бу ўсимлик бандининг таркибида C, А ва К витаминлари гулидагига қараганда икки марта кўпроқ бўлади.

Бундан ташқари, олимларнинг аниқлашича биз брокколини сабзавотли шўрвага қўшиш билан ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда бу озиқ-овқатдаги фойдали моддаларни йўқ қилар эканмиз. Карамни пиширмасдан, майдалаган ҳолда салатларга қўшиб истеъмол қилинса ёки буғда пиширилса анча туғрироқ бўлади.

  1. Қора чой

Баъзилар қора чойни асал билан ёки бир бўлак лимон билан, баъзилар эса сут билан ичишни маъқул кўради. Хато айнан шу ерда. Гап шундаки, чой билан сутнинг ўзаро таъсири натижасида бу ичимликнинг фойдали хусусиятлари, айниқса юрак фаолиятига бўлган ижобий таъсири йўқолади. Шунингдек сут оқсили организмнинг катехинларни сингдиришига тўсқинлик қилади, бунинг натижасида чой ўзининг саратонга қарши курашиш хусусиятларини йўқотади.

  1. Зиғир уруғи

Зиғир уруғи соғлиғини қадрлайдиган одамлар учун ҳақиқий хазина ҳисобланади. Уруғдаги фойдали моддалар ички ўзагида жойлашган, шунинг учун уларнинг одам организми томонидан сингдирилиши жуда қийин.

Зиғир уруғи кукун ҳолида сотиб олинса ёки овқатга қўшишдан олдин мустақил равишда янчилса тўғрироқ бўлади. Бунда уруғнинг тузилиши бузилади ва фойдали моддалар организмга осон сингдирилади.

  1. Қулупнай

Қулупнай – C витаминининг ноёб манбаи, эркин радикалларни йўқотувчи, ҳар қандай яллиғланиш жараёнининг олдини олувчи клетчатка ва антиоксидантларнинг кони ҳисобланади.

Маълум бўлишича, қулупнайдаги фойдали моддалар ёруғлик ва кислородга жуда сезувчан бўлар экан, шунинг учун бу резавор мева бандини узиш ва кесиш вақтида барча фойдали хусусиятларини йўқотар экан.

Манба: Daryo.uz