Чойнинг фойдали хусусиятлари ҳақидаги уйдирмалар ва ҳақиқатлар

Чойнинг фойдали хусусиятлари ҳақидаги уйдирмалар ва ҳақиқатлар

Албатта, тан олишимиз керак, чой – жуда фойдали ичимлик бўлиб, дунёда оммабоплик борасида сувдан кейинги ўринда туради. Тадқиқотлар чойнинг юракни ҳимоя қилиш, зарарли кимёвий моддаларнинг таъсирини қайтариш ва инсульт хавфини камайтириш хоссаларини тасдиқлайди. Лекин сиз чой ҳақида эшитганларингизнинг ҳаммасига ишонишга шошилманг! Чой ҳақидаги мана бу 4 ёлғонга энди ишонишни бас қилинг.

Сут чойнинг ҳамма фойдали хусусиятларини йўқотади

Яқинда ўтказилган тадқиқотлар бу назариянинг ёлғонлигини фош қилди. Олинган натижаларга кўра, катехинлар (саратоннинг баъзи турларининг хавфини камайтириш билан боғлиқ антиоксидантлар) сутли чойдан ҳам, сутсиз чойдан ҳам бир хил миқдорда сингдирилади.

Кўк чойдан кўра қора чойда кофеин кўпроқ

Чойнинг ҳамма турлари таркибида кофеин мавжуд. Чойдаги кофеин миқдори кўпгина омилларга боғлиқ: чой қандай ўстирилган, йиғиб олинган баргларнинг катталиги қандай ва уларга қандай ишлов берилган.  Тадқиқотлар чойнинг ранги кофеин миқдорига таъсир кўрсатмаслигини исботлади.

Кўк чой озишга ёрдам беради

Ҳа, кўк чой бошқа чойлар каби фойдали хусусиятларга эга, лекин рекламалар бизни қанчалик ишонтиришга уринмасин, уни ортиқча вазнга қарши «мўъжизавий восита» деб айтиб бўлмайди.Бундан ташқари, кам овқатланишда кўк чойни суиистеъмол қилиш нафақат вазнни йўқотишга, балки меъданинг бузилишига ҳам олиб келади.

Қалампир чой қорин оғриқларига қарши ёрдам беради

Қалампир чой қориндаги оғриқларга қарши – унчалик яхши восита эмас. Баъзи одамларда бу чой аксинча, гастроэзофагеал рефлюксни ёки жиғилдон қайнашини келтириб чиқариши мумкин. Агар қорнингиз оғриётган бўлса, яхшиси занжабил билан чой дамланг.

Манба: Daryo.uz