Фейсбилдинг — юз учун фитнесс

Фейсбилдинг — юз учун фитнесс

Бугун замонавий хонимлар чиройли ва расо қадди-қоматга эга бўлиш учун нималар қилишмайди, дейсиз. Фитнесс, шейпинг, йога, аэробика машғулотларига ўзларини уришади, америкача, японча, французча ва яна алламбало парҳезлар ҳақидаги қўлланмалар, семиртирмайдиган таомлар рецептларини эса ҳар икки аёлдан бирининг телефонида учратиш мумкин. Чиройли қомат учун ҳар қандай жисмоний зўриқишга, кези келганда фақат сабзавот чайнашга ҳам тайёр эканмиз бор гап. Аммо қоматни асраш йўлида ўзимизни ҳар қанча қийнашга тайёр турсак-да, юз парваришини кўпинча эътиборсиз қолдирамиз. Йўққимматбаҳо кремлар, пардоз воситалари, турли органик ниқоблар, косметологик муолажаларни канда қилмаймиз, албатта. Аммо юз териси таранглигини узоқроқ муддат сақлаб туриш учун буларнинг ўзи камлик қилади. Қолаверса, юқорида эсланган зормандаларнинг нархи ҳам баъзан чиндан «чақиб кетади». Қуйида ботокс уколлари ва қимматбаҳо муолажаларсиз юз таранглигини сақлашнинг жуда қулай ва осон усули билан бўлишмоқчимиз.

Қарши олинг, ҳамёнбоп усул!

Бу нима ўзи? Қисқа қилиб айтганда, фейсбилдинг юз териси салқишининг олдини олиш учун махсус машғулотлардир. Кун давомида ушбу муолажага атиги 30 дақиқа вақт сарфлаш орқали ажойиб натижаларга эришиш мумкинлигига кафолат берамиз.

Бақбақани йўқотиш учун

Иягингизни муштингиз билан тиранг (1-расм). Сўнг оғзингизни очиб, пастки жағингизни иложи борича пастроққа, то жағ қисмидатортилиш сезмагунингизга қадар туширинг ва шу ҳолатда бир неча сония туринг (2-расм). Шундан кейин тилингизни чиқариб, уни иякка қадар чўзишга ҳаракат қилинг. Юз мушаклари максимал даражада тортилганини ҳис қилганингиздан сўнг шу ҳолатни 2 сония ушлаб туринг.

Муҳим! Машқни бажараётганингизда кескин ҳаракат қилмаслик ва оғриқлар бўлмаслиги керак.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Юз овали ва иякни таранглаштириш, шаклга солиш учун

Кўрсаткич ва бош бармоқларингизни юз периметрига олиб келинг (1-расм). Юз терисини енгил ҳаракат билан қулоққа қадар тортинг. Бош бармоқларингиз ияк остида бир-бирига тегиб туриши керак. Оғзингизни очинг ва бунда жағингизнинг пастга ҳаракатланишига бош бармоқларингиз қаршилик кўрсатиши лозим (2-расм). Шу ҳолатни бир неча сония тутиб тургач, оғзингизни юминг.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Эслатма: максимал натижага тезроқ эришиш учун машқларни кунига камида икки марта бажариш лозим.

Кўзларнинг ташқи бурчагидаги «ғоз панжалари»ни йўқотиш учун

Номсиз бармоқлар ёки жимжилоқларни кўзларингизнинг ташқи бурчакларига олиб келинг (1-расм). Кўзларингизни юминг (2-расм) ва бармоқларингизнинг қовоқ сатҳига сурилишига йўл беринг. Қовоқ мушаклари ҳаракатланишига тўсқинлик қилманг. Шундай ҳолатда бир неча сония тургач, кўзларингизни очинг. Бу машқни бажаришда бармоқлар кўз доирасимон мускулини енгил зўриқтиради ва керакли натижага тезроқ етишишни таъминлайди.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Пастки қовоқ шишиши ва юқориги қовоқ салқишининг олдини олиш учун

Ўрта ва кўрсаткич бармоқлар кўзлар бурчакларига олиб борилади (1-расм). Пастки қовоқларни гўё қуёшга қарагандек тириштиринг. Юқориги қовоқни юммаган ҳолда пастки қовоқларни бўш қўйинг. Машқнинг кейинги қисми: бошланғич ҳолатга қайтинг ва кўзларингизни қаттиқ юминг (2-расм). Сўнг кўзларингиз юмуқ ҳолда қовоқларингизни бўш тутинг.

Неча марта бажарилади? Машқнинг ҳар бир қисми 30 мартадан такрорланади.

Бурун терисини таранглаштириш учун

Кўрсаткич бармоқ бурун учи остига қўйилади (суратдаги каби). Бурун билан бармоғингизни итаришга ҳаракат қилинг. Шу ҳолатда бир неча сония туринг.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Лимфодренаж уқалаш

Кафтнинг орқа томони билан ияк остини енгил шапатилаб бошланг (расмда кўрсатилгани каби).

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Қошлар орасидаги ажинларга қарши

Ўрта ёки номсиз бармоқларни қошлар устига қўйинг (суратга қаранг). Қош усти териси ҳаракатланмаслиги керак. Тери қанча тарангроқ тортилиб турса, машқ самарадорлиги ҳам шунча юқори бўлади. Ана шу ҳолатда секин қовоғингизни уйинг. Бир неч сония қаттиқ қовоқ уйгач, бошланғич ҳолатга қайтинг.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Ёноқлар таранглигини сақлаш ва лаблар ҳажмини ошириш учун

Лабларни бирлаштириб, лунж мушаклари билан уларни тишларга яқинлаштириб тортинг (юмуқ оғиз билан зўраки табассум қилган каби). Кўрсаткич бармоқлар билан лаб учларини тортинг. Бармоқлар оғиз чизиғига перпендикуляр жойлашиши керак (суратдаги каби). Шу ҳолатда бир неча сония туриб, бошланғич ҳолатга қайтинг.

Неча марта бажарилади? Узлуксиз 30 марта ёки ҳар 10 машқдан сўнг қисқа танаффус билан бажаришингиз мумкин.

Эслатма: Mашқларни бажаришда юзтерисини қаттиқ сиқиш, босиш мумкин эмас

Муҳим: машқларни кўзгу қаршисида бажарсангиз, юзингида ажинлар пайдо бўлаётган қисмларни назорат қила оласиз.

ГУЛНОЗА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz