Гулкарамдан мазали гратен рецепти

Гулкарамдан мазали гратен рецепти

Гулкарам — нафақат мазали, балки жуда фойдали сабзавот. Шунингдек, у қоматини назорат қилиб борувчи ва соғлом ҳаёт тарзига риоя этувчилар учун идеал маҳсулотдир — 100 грамм гулкарам бор-йўғи 30 килокалорияга эга. У жуда яхши ўзлаштирилувчи, таркибида кўплаб витаминларга эга бўлган сабзавотдир.

Қуйида ажойиб таъмга эга бўлган парҳезбоп таом — гулкарамли гратен рецептини ҳавола этамиз.

Керакли маҳсулотлар

  • 1 бош гулкарам;
  • 300 грамм қаймоқ;
  • 200—250 грамм пишлоқ;
  • шивит;
  • туз, қалампир ва зираворлар.

Тайёрланиши

Гулкарамни кичикроқ тўпгулларга ажратамиз. Тузли сувда карам тўпгулларини 5 дақиқа атрофида қайнатиб оламиз. Сувни тўкиб, карам совишини кутамиз.

Пишлоқни қирғичнинг йирик тишидан чиқарамиз. Қаймоқни бироз кўпиртириб, унга пишлоқ, тўғралган шивит, зираворлар ва туз қўшамиз. Яхшилаб аралаштирамиз.

Гратенни тайёрламоқчи бўлган қолипга сариёғ суриб, унга қайнатилган карамни жойлаймиз. Устидан қаймоқли қайлани қуямиз.

180 даражагача қиздирилган духовкага гратенни жойлаб, тилларанг қобиқ пайдо бўлгунча, тахминан 30 дақиқа пиширамиз.

Мазали гратен тайёр! Уни кўкатлар билан безатиб, асосий таом сифатида дастурхонга тортиш мумкин.

Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/uzayol