Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди…

Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди…

Барчага бирдек ёқиб бўлмайди. Бу ҳақиқатни қабул қилинг, қайғуга тушманг ва бошқаларга мослашишга уринманг. Lifehacker мавзуга доир тавсиялари билан бўлишди.

Ёдингизда бўлсин, оғриқни ҳис қилиш — нормал ҳолат

Қандай муносабатлар бўлмасин, инсоннинг рад этилиши унга салбий таъсир кўрсатади: бу хоҳ дўстлик, хоҳ романтик муносабатлар ва хоҳ ҳамкасблар билан муносабатлар бўлсин. Қачонлардир бундай реакция омон қолиш учун зарур бўлган. Одамзот қабилаларда яшаган даврларда жамият томонидан рад этилиш ёки қувилиш деярли ўлимга тенглаштирилар эди. Шу боис кимдир бизни рад этганида миямизда шу қадар кучли кимёвий реакция рўй берадики, бу жисмоний оғриққача сабаб бўлади.

Шундан сўнг биз бир неча босқичдан ўтамиз. Дастлаб ўзимизни айблаймиз. Ўзимизни кимнидир хафа қилгандек ҳис қиламиз. Кейин эса камситилиш ва уятни ҳис қиламиз, ўзимизнинг заифлигимизни англаймиз. Яна бир бор у инсоннинг мойиллигини уйғотишга ҳаракат қиламиз. «Унга ёқишни истаганимиз учун эмас, – дея изоҳлайди психотерапевт Шон Гровер, – шунчаки кимдир бизни ёқтирмаётганини ҳис қилиш ёқимсиз». Охир-оқибат ўзимизни омадсиз инсондек ҳис қиламиз.

Бу ёқимсиз ҳис-туйғулар, албатта, бироқ мутлақо нормал ҳолат. Асосийси, диққатингизни унга жамламанг ва йўлингизда давом этинг.

Барчасида ўзингизни айбламанг

Бошқа бировларнинг сизни ёқтирмаслигини очиқдан-очиқ билдириши кўпчиликнинг ўзига бўлган ишончини пасайтиради. Бироқ шуни унутмангки, одамларнинг хатти-ҳаракатлари одатда уларнинг шахсий муаммолари ва тажрибалари билан боғлиқ. Гап сизда ҳам, бошқа одамда ҳам эмас, иккалангизда.

Шунчаки ҳаётнинг айни палласида бу инсон сизга тўғри келмаган, холос.

Боз устига, бошқа бир одамнинг мойиллиги кўпинча англанмаган ҳолатда бўлса-да, унга келтирадиган фойдангизга боғлиқ. «Бу жониворларда ҳам кузатилади, – деди Дьюк Университетининг ҳайвонлар хатти-ҳаракатлари тадқиқотчиси Женнифер Вердолин. – Улар мавқе, хулқ-атвор ёки генетик алоқаларга кўра ўзларига ўхшаш жониворлар билан вақт ўтказишни афзал кўришади».

Агар икки томон учун ҳам қадрли бўлиши мумкин бўлган умумий қизиқишларингиз бўлмаса, сизни рад этишади. Бундан деярли қочиб қутулиб бўлмайди.

Ўз хатти-ҳаракатларингизни таҳлил қилинг

Кимгадир ёқмаганингиз учун ўзингизни айбламанг. Бироқ бу мунтазам рўй берса, ўз хатти-ҳаракатларингизга объектив назар ташлашга ҳаракат қилиб кўринг.

Сизни қандай сабабга кўра рад этишганига изоҳ беришни сўранг. Масалан, сизга кўп мақтанишингиз ёки фақат ўз манфаатингизни ўйлашингизни айтишди. Ўйлаб кўринг, эҳтимол бу ҳақиқатдир. Ўз хатти-ҳаракатларингизни таҳлил қилинг. Агар сиз ҳақиқатда шундай бўлсангиз ва бу бошқа одамларга ёқмаса, ўзингиз устингизда ишланг.

Фақат ошириб юборманг. Албатта, сизнинг қандайдир одатларингиз бошқаларнинг ғашига тегиши мумкин. Бироқ бу кўпинча сизни ёқтирмаган одамнинг қўрқувлари ва ёқимсиз хотираларини акс эттириши ҳам мумкин.

Янги дўстларни секин-аста орттиринг

Янги инсонлар доирасига тушиб қолсак, ўзимизни ёлғиз ҳис қиламиз. Масалан, янги иш жойида ёки бошқа шаҳарга кўчиб ўтгандан кейин. Бундай вазиятларда ўзингизни айтсайдер дея ҳис қилиш осон.

Янги доирага секин-аста қўшилинг. Масалан, ҳамкасбларингиздан бирига бирга тушлик қилишни таклиф қилинг. Бироқ дарҳол гуруҳга қўшилишга ҳаракат қилманг. Сизга нисбатан кўпроқ ижобий муносабат билдирган кишига мурожаат қилинг.

Ҳамма ҳам сизни кенг қулоч очиб кутиб олишга тайёр эмас. Сиз томон қадам қўйишга тайёрлигини билдираётганларга эътибор қаратинг.

Сизни қадрловчи кишилар билан кўпроқ вақт ўтказинг

Ҳойнаҳой, қийин дамларда ишонишингиз мумкин бўлган бир неча яқинингиз бўлса керак. Улар билан тез-тез мулоқот қилинг. Бу сизнинг ўзингизга бўлган ишончингизни оширади.

Сизни қадрлайдиган кишилар билан алоқаларни мустаҳкамланг. Бу сизни рад этганларни деб хафа бўлишдан кўра фойдалироқ.

Ёдингизда бўлсин, ҳақиқий дўстлик ришталарини ўрнатишнинг энг яхши усули – самимий бўлиш. Ҳамма сиз томон интилишини кутиб ўтирманг. Бундай муносабат атрофдагиларни сизга мутлақо жалб қилмайди.

«Хейтерлар»дан узоқ юринг

Сизни «ҳазм қила олмайдиган» кишилардан йироқ юринг. Ҳеч бўлмаганда хаёлан. Баъзан кимнингдир сизга қарши эканини шунчаки қабул қилиш керак, холос. «Сизда душман пайдо бўлса, бунинг қўрқинчли жойи йўқ, – дейди Шон Гровер. – Одамлар сизга ҳасад кўзи билан қараса, бунга эътибор берманг».

Бировларни атайин ўзингизга қарши қилманг. Бироқ агар кимгадир ёқмасангиз ва у ҳам сизга ёқмаса, у ҳолда қайғуришга ҳожат йўқ. Сиз бундай инсоннинг ишончини қозонишингиз шарт эмас.

Манба: Kun.uz