«Ҳамшира — 2017» кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди

«Ҳамшира — 2017» кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Ҳамшира – 2017» кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди, деб хабар берди Daryo.uz.

Танловнинг якуний босқичи иштирокчилари тиббиёт соҳасидаги амалий ва назарий билимларини намойиш этиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти, унда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаси бўйича билимини синовдан ўтказди.

Қизғин баҳслар якунида Тошкент шаҳар шошилинч тиббий ёрдам клиник шифохонаси ҳамшираси Шаҳноза Фозилова биринчи ўринни қўлга киритди.

Бугунги ютуқни, аввало, катта ишонч ва масъулият сифатида қабул қилдим. Бугунги кун ҳамшираси малакали тиббиёт ходими сифатида намоён бўлиши даркор. Мамлакатимизда ҳамширалар билим ва малакасини ошириши учун барча имконият ҳамда шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 4 апрелдаги «Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2017—2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари малакасини ошириш белгилангани ҳам бунинг ёрқин далилидир

Шаҳноза Фозилова

Наманган вилояти Поп туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Феруза Бўтаева иккинчи, Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Муҳаррам Салимова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.