Кайфиятни кўтаришнинг 9 та осон йўли

Кайфиятни кўтаришнинг 9 та осон йўли

Доимо яхши кайфиятда юрувчи кишилар стрессдан узоқда бўлишади, юрак-қон томир касалликларига камроқ чалинишади, бош оғриғидан ҳам кам шикоят қилишади. Шундай экан, кайфиятни қандай кўтариш мумкин? Табиатнинг гўзал жойида қуёшнинг илиқ нурлари остида яйрабми? Балки велосипедда сайр қилиш керакдир? Комедия томоша қилсак-чи? Бунга ўхшаган усулларни кўплаб санаш мумкин.Унда муаммо нимада? Тўғри айтасиз! Буларнинг барчасига вақт керак. Агар жуда ҳам банд бўлиб, кайфиятимизни кўтаришга вақтимиз бўлмаса нима қилишимиз керак? Келинг, яхши кайфиятга эришишнинг тез ва осон йўлларини ўрганамиз.

  1. Табассум қилинг

Ишда бўлсангиз, бирорта ҳамкасбингизга, уйда бўлсангиз, оилангиз аъзоларининг бирига  табассум қилиб кўринг,  сизнинг ҳам, сиз табассум юборган кишининг ҳам кайфияти кўтарилганини сезасиз. Чунки табассум қилишда иштирок этаётган мушаклар қисқарганда, бош мияда қувончли ҳис-туйғу ҳақида ахборот пайдо бўлади.

  1. Қаддингизни ростланг

Қадни тик тутиб юриш қоматни чиройли кўрсатибгина қолмай, одамнинг ўз-ўзига ишончини ҳам оширади, қадам ташлаш енгиллашади, ўз навбатида кайфият ҳам кўтарилади.

  1. Бегоналар билан суҳбатлашинг

Масалан, қаҳвахонада буюртмангизни кутаётганингизда официант билан бир-икки оғиз суҳбатлашиб кўринг, бундан қалбингизда тиниқлик ва бардамлик ҳис қилгандек бўласиз.

  1. Янги ғоялар ва машғулотлар топинг

Кундалик ҳаётда ўзингизга ёқадиган янги машғулотлар ва ғоялар топишга ҳаракат қилинг. Чунки, ўзи учун қизиқарли ва ёқимли иш билан банд бўлиш доимо фаол бўлишга ёрдам беради, ўз-ўзига ҳурмат ҳиссини уйғотади, атрофдагилар билан мулоқотни енгиллаштиради, табиийки, кайфият ҳам кўтаринки бўлади.

  1. Яхшилик қилинг

Каттами, кичикми, қилинган яхшилик инсонда доимо бахт ҳиссини уйғотади.  Буни кўпчилигингиз яхши биласиз. Шундай бўлса-да, яна бир бор синаб кўринг, кўнглингиз тоғдек ўсганини ҳис қиласиз.

  1. Оқилона пул сарфланг

Бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди, дейилади мақолларда. Лекин, пулни жой-жойида сарфлаб, кайфиятни яхшиласа бўлар экан. Одам моддий нарсалардан кўра, маънавий тадбирларга пул сарфлаганида кайфияти кўтарилар экан.

             7. Ҳайратланинг

Чинакам ҳайратланиш, қойил қолиш туйғулари инсонда бахтлилик ҳиссини чақиради. Кундалик ҳаётимизда сизда сал бўлса-да ҳайрат уйғотувчи нарсалар топилади, шундай нарсаларни топиб, ҳайратланинг, бундан кайфиятингиз кўтарилади.

  1. Миннатдор бўлинг

Миннатдор бўлишни ва миннатдорчилик билдиришни биладиган инсонлар бахтли инсонлардир. Чунки улар ҳаётларидаги яхши нарсаларнинг қадрини ҳис қила олишади. Сиз ҳам ҳаётингизда мавжуд бўлган қайси нарсалардан миннатдор бўлсангиз бўладими? Шу ҳақда бироз ўйланг, қалбингизда қувонч пайдо бўлади.

  1. Яқин кишингизни бағрингизга босинг

Бағрига босиш ҳамдардлик ва меҳр изҳор қилишнинг бир кўринишидир, бу ҳолатда инсон танасида кайфиятни кўтарувчи гормонлар ишлаб чиқарилиши кучаяди.

Манба: Daryo.uz