Либосингизнинг ранги сиз ҳақингизда нималар дейди?

Либосингизнинг ранги сиз ҳақингизда нималар дейди?

Ҳар куни эрталаб киймоқчи бўлган кийимимизни танлаётганимизда, танловимизга фақат ташқаридаги об-ҳаво эмас, балки кайфиятимиз, руҳий ҳолатимиз ҳам ўз таъсирини ўтказади. Кийимлар ранги инсон ички ҳолатини акс эттирибгина қолмай, уни ўзгартира олади ҳам. Шундай қилиб, танлаган кийимингиз ранги сиз ҳақингизда нималар дейиши ва руҳий ҳолатингизни қайси томонга ўзгартира олиши ҳақида сўз юритамиз.

Қизил ранг

Стилист Дэвид Зиланинг айтишича, қизил ранг қалб жўшқинлиги, довюраклик, ҳаётга чанқоқликни акс эттиради. Қизил рангни ўрганган тадқиқотчилар бу рангдаги либосли аёл атрофдагиларнинг, айниқса, эркакларнинг эътиборини кўп жалб қилишини таъкидлашган. Демак, атрофдагиларнинг эътиборини қозонишни истасангиз, қизил рангдаги либосда тўхталинг.

Кўк ранг

Бугун ақлий меҳнат кўп талаб қилинадиган кунми? Иккиланмасдан кўк рангдаги либосни танланг. Кўк ранг руҳий осойишталикни акс эттириб, тинчлантирувчи хусусиятга эга. Британия Колумбияси университетида ўтказилган тадқиқот натижасида кўк ранг инсонда тинчлик ва хавфсизлик туйғулари билан боғлиқлиги, бу рангнинг мавжудлиги инсон ғояларининг очилишига, ижодий маҳсулдорликнинг ошишига ёрдам бериши маълум бўлган.

Қора ранг

Бу рангдаги кийим барчага мос тушади, ярашади, ҳатто бироз озғин ҳам кўрсатади. Лекин салбий хусусияти ҳам бор. Флорида университети тадқиқотчилари бир ҳолатга эътибор қаратишган: қора кийинган хоккейчиларга оқ кийинган хоккейчиларга нисбатан ҳакам томонидан агрессивлик ва қўполликлари учун кўпроқ жарима солинган.

Яшил ранг

Атрофдагиларда ишончлилик, ижобийлик фикрини туғдирмоқчи бўлсангиз, яшил рангни танлаганингиз маъқул. Бу ранг бардамлик, софлик, бекам-у кўстлик ранги ҳисобланиб, кўк рангга ўхшаб илҳомлантирувчи хусусиятга эга.

Зарғалдоқ ранги

Бу ранг баъзан тўқ сариқ ёки апелсин ранги ҳам дейилиб, қалбдаги қатъият ва дадиллик, кўтаринки кайфият билан боғланади. Лекин бу рангнинг ортиқча ёрқин бўлиши тажангликни келтириб чиқариши мумкин.

Сиёҳ ранги

Бу ранг ҳукмдорлик, имтиёзлилик каби туйғулар билан боғлиқ. Бу рангдаги либосни танлаётганда шу нарсани эътиборга олиш керакки, бу рангга узоқ қаралганда инсонда асабийлик ва руҳий таранглик, ноқулайлик ҳислари уйғониши мумкин.

Пушти ранг

Камтар ва ёқимли ранг бўлгани билан, инсон кайфиятига сезиларли таъсир ўтказа олади. Бу ранг таъсирида инсондаги агрессивлик ва қўполлик камайиши тажрибаларда аниқланган. Ўзингизни бахтли ва сокин ҳис қилмоқчи бўлсангиз, шу рангни тавсия этамиз.

Кулранг

Бу ранг ўзининг бетарафлиги билан ажралиб туради, кайфиятга деярли таъсир қилмайди. Мулойимлик ва нафислик ҳисларини уйғотмоқчи бўлсангиз, ушбу ранг сизга мос келади. Лекин шуни айтиш керакки, кулрангдаги либосларни ҳар доим кийиб юриш бахтлилик туйғусини камайтириши мумкин.

Манба: