«Назорат янада кучайтирилди»: Бош вазир ўринбосари бугунги тест синовлари ҳақида

«Назорат янада кучайтирилди»: Бош вазир ўринбосари бугунги тест синовлари ҳақида

Тест синовлари материаллари 5 август куни тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинога етказилди, деб хабар қилди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

«Бугун тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган Республикадаги барча вилоятлар олий таълим муассасаларида тест синовлари давом этмоқда. Тест синовлари материаллари махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда тест синовларидан бир кун аввал (5 август куни) тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинога етказилди», – дейилади хабарда.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши сабабли, абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар ташкил қилинган ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилмоқда. Бино ичидаги ҳаво ҳарорати бир меъёрда ушлаб турилибди.

Абитуриентлар учун ичимлик суви ҳамда барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда назоратчилар томонидан назорат янада кучайтирилди.

Олиб борилган ишлар натижасида тест синовларининг шаффоф ва адолатлилиги таъминланиб, абитуриентлар ва ота-оналарнинг тест синовларини ўтказишга нисбатан норозиликлари олди олинмоқда.

Тест синовлари барча олий таълим муассасаларида бир вақтда 8:00 дан бошланди. Тест синовларида 14 та олий таълим муассасаларининг 23 та таълим йўналишида 29 минг 316 нафар абитуриент иштирок этмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра 784 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 50 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Барча тест синовлари ўтадиган биноларда 1-сменада тест синовлари соат 11:30 да якунланади. 2-смена 15.00да бошланади.

Шу куннинг ўзида тест синовлари натижалари Давлат фелдьегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилади.

Якуний маълумотлар тест синовлари 1-сменада тугагунидан сўнг тақдим этилади.