Ўсимлик оқсилларининг фойдаси нимада ва улар қаерда кўпроқ?

Ўсимлик оқсилларининг фойдаси нимада ва улар қаерда кўпроқ?

Оқсилларни нафақат гўшт ва сут маҳсулотларидан, балки ўсимликлардан ҳам олиш мумкин. Бу озишга ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишга ёрдам беради.

Оқсиллар нима учун керак?

Бизнинг мушакларимиз оқсиллардан тузилади. Оқсиллар иммунитет ишлаб чиқилиши, асаб импулсларининг узатилиши, ҳужайраларнинг ўсиши, ривожланиши ва қайта тикланишини таъминлайди. Бундан ташқари у қоринни яхши тўйдиради. Умуман олганда, уларсиз яшаб бўлмайди.

Ўсимлик оқсилларининг афзаллиги нимада?

Ўсимликларда оқсиллар гўшт ва сут маҳсулотларига қараганда анча камроқ миқдорда мавжуд. Шунга қарамасдан, ўсимлик оқсилларининг таркиби зарур аминокислоталар тўпламидан ташкил топган, демак организмнинг оқсилларга бўлган эҳтиёжини қисман ёки тўлиқ қондира олади.

Нима учун ўсимлик оқсилларига ўтиш керак?

Озиш учун

Кўпинча ортиқча вазндан қутулишга ҳаракат қилувчи кишилар ҳайвон оқсилларидан воз кечади. Ўсимликлардан тайёрланган овқатларнинг калорияси ва ёғи камроқ бўлади, шунинг учун кўпчилик айнан уни танлайди.

Лекин узоқ вақт давомида фақат сабзавотлар билан овқатланиш туфайли оқсиллар етишмаслиги юз бериши мумкин. Шунинг учун ўсимлик оқсилларини истеъмол қилиш — бу соғлиққа зиён етказмасдан озишнинг гарови ҳисобланади.

Этика нуқтаи-назаридан

Кўпчилик ҳайвонларга ачинганидан вегетарианга айланади. Одам организми гўштсиз ёки ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқатларсиз яшаши мумкин, лекин оқсилларсиз яшай олмайди. Шунинг учун ўсимликли парҳезни танлаганлар уларни бошқа манбалардан олади.

Ўсимлик оқсилларини қаердан олиш мумкин?

Соя

Соя — ўсимликлар орасида муқаррар пешқадам ҳисобланади. Унинг 100 г уруғида 36 г оқсил мавжуд.

Сояни кўп истеъмол қилувчи одамлар саратон, юрак-томир касалликлари ва остеопороз билан камроқ касалланиши исботланган.

Бошқа дуккаклилар

Ловия ва ясмиқ донлари таркибида камроқ бўлса ҳам оқсил мавжуд. Ер ёнғоқда эса оқсиллар анча кўпроқ, лекин унинг таркибида ёғ ҳам кўп. Шунинг учун озишни истовчиларга бу ёнғоқ тавсия қилинмайди.

Ёнғоқлар

Бодом, писта, кешью ва ёнғоқлар ҳам оқсиллар борасида дуккаклилардан қолишмайди. Лекин уларнинг таркибида ҳам ёғлар анча кўп.

Бошоқлилар

Ўсимлик оқсилларининг яна бир муҳим манбаси — бу бошоқлилар гуруҳига мансуб бўлган сули, буғдой, маккажўхори ва гуруч.

Мева ва сабзавотлар

Мевалар ва сабзавотлар албатта, оқсилларнинг энг яхши манбаси эмас. Лекин уларнинг орасида ҳам ўз пешқадамлари бор. Масалан, исмалоқ, брокколи, сарсабил, авокадо, банан ва гилос.

Манба: Daryo.uz