Ўзбекистон ва Қозоғистон аёллари ўртасида илк бор бизнес форум ташкил этилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон аёллари ўртасида илк бор бизнес форум ташкил этилди

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси давлат котиби, президент ҳузуридаги Аёллар ва оила-демографик сиёсат миллий комиссияси раиси Гулшара Абдикаликова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Делегация таркибига Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлисининг депутат аёллари, Қозоғистон аёллар иттифоқи – Қозоғистон тадбиркорлари жамоатчилик бирлашмаси, Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги туризм саноати қўмитаси вакиллари ҳамда мамлакатнинг турли соҳаларида муваффақиятли фаолият юритаётган ишбилармон аёллар кирган.

Ушбу ташриф доирасида икки давлат ишбилармон аёллари ўртасида илк бор Бизнес-форум ҳамда қўшма кооперацион биржа ташкил этилмоқда.

Бизнес-форум аёлларнинг ишбилармонлик мавқеларига муносиб баҳо бериш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда юзага келадиган муаммоларга биргаликда ечим топиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фикр ва тажриба алмашиш борасида муҳим аҳамиятга эга. Бизнес-форум Ўзбекистон ва Қозоғистон аёлларига бир-бири билан яқиндан танишиш, тадбиркорлик соҳасидаги инновацион янгиликлар билан ўртоқлашиш ҳамда бизнесни юритиш бўйича кўникмалар алмашиш имконини берди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Қозоғистон президенти ҳузуридаги аёллар ва оилавий-демографик сиёсат ишлари бўйича Миллий комиссия ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзоланди.

Меморандум томонлар ўртасида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмак бериш, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган.