Қоматга қараб пальто танлаймиз

Қоматга қараб пальто танлаймиз

Қишнинг совуқ кунларида пальто барчамизнинг энг яқин ҳамроҳимизга айланади. Пальто танлашга синчковлик билан ёндашмасак, адёлга ўраб қўйилган қомат пайдо бўлиши мумкин.

Агар сиз «қум соат» шаклидаги қоматга эга бўлсангиз, сизга деярли барча моделдаги пальтолар ярашади. Бироқ агар бўйингиз баланд бўлмаса, тиззадан бироз пастга тушган ёки трапеция шаклидаги пальто танлашни тавсия этамиз. Баланд бўйли аёлларга тўғри бичимдаги, бел қисмида белбоғи бўлган узун пальтолар мос келади.

Агар учбурчак (кенг сон ва тор елка) шаклдаги қомат соҳибаси бўлсангиз елкага урғу берувчи моделдаги пальтони танланг. Бу баланд ёки катта ёқа, мўйнали ёки бошқа безакли ёқали пальто бўлиши мумкин. Идеал узунлик — тиззагача бўлган узунлик. Бежирим камар ёки белбоғ билан белга урғу беришни ҳам унутманг.

«Тўнтарилган учбурчак» шаклидаги қоматга эга бўлган аёллар юқори қисмдан эътиборни чалғитиб, асосий урғуни бел ва сон қисмига бериши лозим. Масалан, пастки қисми кенгайиб борадиган, ёқаси кичкина пальто танлашингиз мумкин. Шунингдек, муаммоли қисмларда ортиқча безак ва нақшлардан воз кечинг.

«Тўғрибурчак» қомат (елка, бел ва сон бир хил ўлчамда) учун танланган пальто қизиқарли ва ноодатий бичимда бўлиши лозим. Турли матолар, ранглар ва услублар уйғунлигини ўзингизда синаб кўринг. Бундай пальто ассиметрик деталлар, ёпиштирма чўнтаклар, шунингдек, тиззагача ёки сон ўрта қисмигача бўлган узунликка эга бўлиши мумкин. Албатта бел «ҳосил қилиш» учун камарга ҳам!

Манба: Daryo.uz