Цитрусли дорихона

Цитрусли дорихона

Апельсин токсинларга қарши!

Яримта апельсинда ҳар бир кишига керакли бўлган С витаминининг кундалик миқдори мавжуд. Бу мева тамаки тутуни, спиртли ичимликлар ҳамда ёғли таомлар билан биргаликда организмимизга тушиб, соғлом ҳужайраларга зарар етказадиган моддаларга қарши курашади. Апельсин таркибидаги пектин эса ҳазм қилиш жараёнини енгиллаштиради. Калий моддаси мушак тўқималари ва асаб толаларининг яхши фаолият юритиши учун муҳим саналади. Фосфор ва кальций суяклар ҳамда тишларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшади. Апельсиннни тозалаш давомида бўлакчаларнинг орасидаги оқ тололаларни олиб ташламанг. Уларни қўшиб истеъмол қилиш организмга С витаминини ўзлаштиришга ёрдам беради.

Грейпфрут билан озамиз!

Грейпфрут таркибида флавоноид нарингенин моддаси мавжуд. У организм қабул қилган ёғлар тўпланиб қолмаслиги ҳамда яхши парчаланишига кўмак беради. Бу жараён натижасида эса биз озамиз! Грейпфрутдаги эфир мойлари, органик кислоталар ўз навбатида моддалар алмашинувига таъсир кўрсатиб, ҳазм қилиш жараёнини тезлаштиради. Шунингдек, бу фойдали мева клетчаткага бой бўлиб, у организмга тушгач қорин дам бўлишига йўл қўймайди. Грейпфрутнинг таъми бироз нордон бўлгани боис, уни қандли диабет билан оғриганлар бемалол истеъмол қилиши мумкин. Бундан ташқари, у углеводлар алмашинувини тезлаштириб, қонда қанднинг йиғилишининг олдини олади.

Кайфиятни кўтарувчи лайм

Сизу биз яқиндагина дўстлашган лайм мевасининг пўстлоғида бир қанча эфир мойлари мавжуд. Агар уни пўсти билан истеъмол қилсангиз, асабларингиз тинчланиб, кайфиятингиз кўтарилади. Бундан ташқари у микроб ва вирусларга қарши фойдали мева саналади. Тадқиқотлар натижасига кўра, лайм таркибида лимонга нисбатан фойдали витамин ва минераллар кўп экан. Юрак-қон томир хасталикларини олдини олувчи яхши восита ҳисобланади.

Мандарин йўтални тўхтатади!

Шамоллаш вақтида турли-туман аччиқ дорилардан кўра апельсиннинг кичик қариндоши мандарин кўпроқ фойда беради. Айниқса, йўталда! Чунки унинг таркибида микробларни парчаловчи флавоноид нобилетин бор.

Йўталга қарши дори: иккита мандарин ва битта нокни пўсти билан бир неча бўлакларга ажратинг. Идишга солиб, икки ош қошиқ шакар ёки асал, 400 мл қайнаган сув қўшинг. Паст оловда 15 дақиқа давомида қайнатинг. Совутинг, овқатдан кейин 1-2 ош қошиқдан истеъмол қилинг.

Манба: Darakchi.uz