Юз терисини куннинг қайси қисмида парвариш қилган маъқул?

Юз терисини куннинг қайси қисмида парвариш қилган маъқул?

Намлантирувчи кремни эрталаб ва кечқурун суриш кераклигини ҳамма билади. Антиоксидант, пептид ёки кислотали воситалардан қачон фойдаланиш мумкин? Юзингиз териси қандай давр бўйича яшашини билиб олинг ва косметикадан сутканинг тўғри вақтларида фойдаланинг.

Бизнинг теримиз гормонлар ва ташқи муҳит таъсири остида бўладиган 24 соатлик табиий даврга эга. Юзни парвариш қилиш юқори самара бериши учун 2 асосий қоидани эсингизда сақланг: терига кун давомида ҳимояловчи, кечаси эса тикловчи воситалар зарур бўлади.

Эрталаб 6 да

Эрталаб терингиз таъсирчан ва оддий парваришни қабул қилмаётганини сезган бўлсангиз керак? Бунга терида таъсирчанлик, яллиғланиш ва ҳатто аллергия каби салбий таъсирлар қўзғатувчи кортизол гормони сабабчидир. Агар сиз эртароқ турсангиз, юзингизга тинчлантирувчи ёки яллиғланишга қарши крем суринг.

Эрталаб 9 да

Эрталабки парвариш кун давомида терингиз учун ишончли ҳимоя бўлиши керак: антиоксидантлар, фаол намлантирувчи ва қуёшдан ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланинг. Бу маҳсулотларнинг мақсади — терингизни ташқи муҳитнинг зарарли таъсирларидан: ультрабинафша нурлар, экологик ифлосланиш, стресс ва компьютер экрани нурланишидан ҳимоя қилиш. Терини узоқ вақтгача намлантириш учун эркин радикаллар ва гиалурон кислотаси таъсирларига қарши таркибида C ва E витаминлари бўлган косметик воситаларни танланг.

Кундузи 1 да

Тушга яқин юзда ортиқча ёғлар пайдо бўлади, шунинг учун Т-соҳадан ялтировчи ёғларни олиб ташлашнинг айни вақти. Макияжни бузмайдиган ва себумни яхши сингдирадиган жилосиз салфеткалардан фойдаланинг. 

Кечқурун 5 да

Иш кунининг охирида сиз терининг тортилганини ва сувсизланганини ҳис қилишингиз мумкин. Бу сизнинг эрталабки кремингиз ўз вазифасини бажара олмаётганини билдиради. Қўшимча равишда намлантирувчи крем ёки зардоб суришнинг айни вақти. 

Кечқурун 9 да

Кечки вақтлар чарчаш, стресс ва узоқ вақт макияжда юриш оқибатида тери яна таъсирчан бўлиб қолади. Юзингизни яхшилаб тозаланг ва тинчлантирувчи ёки яллиғланишга қарши крем суринг. 

Тунда

Айнан тунда теримиз фаол равишда тиклана бошлайди: эркин радикаллар таъсири нейтраллашади, коллаген ишлаб чиқариш ошади ва ҳужайралар янгиланади. Ёшартирувчи таъсир самарасини ошириш учун терига фаол парвариш орқали ёрдам беринг: пептидли, ретинолли ёки мева кислотали воситалардан фойдаланинг. Бир ҳафтада 1—2 марта махсус тунги ниқоблардан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Манба: Daryo.uz