Замонавий Ўзбекистонда яхши университет қандай жиҳатларга эга бўлиши лозим?

Замонавий Ўзбекистонда яхши университет қандай жиҳатларга эга бўлиши лозим?

Ўзбекистонда яқинда бошланган ўзгаришлар туфайли, ҳукуматимиз университетларимиз учун академик имкониятларини ошириш ва дунёда нуфузларини кўтариш учун кўплаб имкониятлар бермоқда. Бироқ гап авваламбор яхши университет тушунчасининг ўзи нима эканлигини аниқлаб олишдадир. Чет элларда олган тажрибамдан қуйидагиларни келтиришим мумкин: кузатувларимга кўра, яхши университет танлашда талабалар тўрт асосий мезонларни тарозига солиб кўришади: ўқув курси сифати, университетнинг обрўси, жойлашиш ўрни ва яшаш жойларининг нархи.

Ҳукуматнинг Ўзбекистонда чет мамлакатлар университетлар филиалларини очиш ташаббусларини қўллаб-қувватлайман, чунки бу ҳолда давлат университетлари орасида рақобатнинг ривожланиши шубҳасиз. Бугунги кунда ўзбекистонлик талабаларда таҳсилни давом эттириш учун турли-туман имкониятлар мавжуд ва Ўзбекистонда билим олиш муассасасини танлашларида ўзларига “Университетда олган тажрибам ва билимларим менга иш бозорида ёки ўз тадбиркорлик ишимни бошлашда қандай ёрдам бера олади? Деган саволни беришлари лозим. Бошқача қилиб айтганимизда, талабалар университетларга: “Таълим олганлик ҳақидаги ҳужжатдан ташқари яна нимани бера оласизлар? – деган саволни беришлари лозим.

Ўзбекистонда ёки чет элларда таҳсил олиш учун университет танлашда уларга қуйидагиларни тавсия қила оламан:

1. Ўқитиш сифати

Ўқитиш сифати ҳар бир университетда турли даражада бўлади ва баъзи университетларда муайян соҳаларда ўқитиш кўрсаткичи бошқаларникига қараганда доимо юқори даражада бўлади. Ўқитиш сифати ҳақидаги фикрлар доимо субъектив бўлади, бироқ бу жуда ҳам муҳим кўрсаткич эканлиги шубҳасиз. Дунёнинг энг нуфузли университетларига талабалар малакаси жаҳон миқёсида тан олинган ўқитувчилар борлиги учунгина ҳужжат топширишади. Глобал дунёда чет эллик ўқитувчи мутахассисларни ёллаш анча осон вазифа бўлганлиги учун университетлар имкони борича кўпроқ халқаро ўқитувчи кадрларни ёллашга кўпроқ эътибор қаратишлари лозим. Замонавий ютуқлар асосида янгиланган ўқув дастури, амалиёт ва ишга жойлашиш ўқитиш сифатининг университетдан кейинги асосий таркибий қисмларидир.

2. Халқаро майдонда фаолият олиб бориш учун имкониятлар

Ҳар йили Ўзбекистон университетларини минглаб талабалар хатм қилишади, бироқ улардан жуда озчилигигина чет элларда яшаган, таҳсил олган ёки ишлаган. Эҳтимолий иш берувчилар чет элдаги фаолият тажрибасини жуда қадрлайдилар, чунки бундай тажриба номзодни чаққон, уддабурон эканлигини ва ўзлари ўрганиб қолган муҳитдан ташқарида бўлишдан ҳайиқмайдиган инсон эканлигидан далолат беради. Шунингдек, бундай тажриба талабаларга турли маданий тадбиркорлик амалиётлари ҳақида хабардорликни ривожлантиради ва ҳамма жойда қўл келадиган ва муҳим тиллар билиш кўникмаларини сайқаллаштиради. Сиз назарда тутаётган университетлар мана шундай имкониятлар бера олиш-олмасликларига эътибор беринг.

3. Университетларнинг саноатдаги ҳамкорлар ва профессионал ташкилотлар билан алоқаларининг мавжудлиги

Ҳозирги кунда дунёда ихтисослар бўйича мутахассислар тайёрлашда иш берувчилар билан ҳамкорлик қилувчи университетлар ва олий таълим ташкилотларининг сони тобора ошиб бормоқда. Яқинда ўтказилган илмий-тадқиқотлар бизнес вакилларининг 75% кадрлар карьераси бўйича маслаҳат/консультация бериш ишига ёрдам беришга тайёр эканлигини кўрсатди ва бундай таклиф асосида маслаҳатлардан фойдаланаётган университетлар сони ошиб бормоқда. Яъни, таҳсил тугаганда талабаларнинг ишга тайёрланганлик даражаси юқори бўлади ва жуда муҳим бўлган ўзини бошқариш ва соҳадан хабардорлик кўникмаларида камчиликлари оз бўлади.

4. Тижорат инкубаторлари ташкилотлари ва янги стартап бошлаш ҳамжамиятларига жалб этилиш

Битирувчиларнинг аксар қисми катта корхоналарда ишлашни мақсад қилиб олишади. Шунга қарамай, университетни хатм қилувчиларнинг кўпчилиги кичик ва ўрта кўламдаги, хусусан, Тошкентдан ташқаридаги корхоналарда иш бошлашади. Университетларда битирувчиларни маҳаллий кичик ва ўрта тадбиркорлик корхоналари (КЎХ) билан боғловчи дастурлар жорий қилишлари лозим. Сиз назарда тутаётган университетларда бундай имкониятлар бор ёки йўқлигини текшириб кўриш фойдадан холи бўлмайди. Бундан ҳам маъқулроғи эса – агар улардан бундай алоқалар бўлмаса, бирор корхона билан алоқа боғлашни ташкил қилишга ҳеч нима монелик қилмайдику?

5. Турли туман ўқув дастуридан ташқари фаолиятларни таклиф қилиш

Гап битирувчининг иш топиш масаласи ҳақида кетганда, спорт мусобақаларида қатнашиш, баҳс-мунозаралар, драма тўгараклари ва бошқа ўқув дастуридан ташқари фаолиятда қатнашиш фойдали, мароқли ва дўстлар орттиришга ёрдам бериш билан бирга жуда муҳим ҳамдир. Сиз танлайдиган университет қошида қатнашиш учун турли фаолиятлар олиб бориш имкониятлари мавжудлигига жиддий эътибор беринг. Чет эл университетлари бу масалада жуда пухта тайёрланган ва кампусда қатнашиш учун 100 -дан зиёд фаолият жамиятлари мавжуд.

6. Иш тажрибаси ва кўнгиллилик (волонтёрлик) имкониятлари

Иш берувчиларга уларда ишлаш учун тегишли муносабатлар ва яроқли эканлигингизни исбот қилиш учун иш тажрибаси ва кўнгиллилик фаолиятингиз жуда юқори аҳамиятга эга. Аксар халқаро ва замонавий компаниялар турли соҳаларда тажрибаларини ва ҳар томонлама ривожланган эканликларини биринчи ишга олишда олдинги суҳбатда исбот қила оладиган номзодларни қидиришади. Ҳозирги кунда университетлар иш тажрибаси олиш имкониятларига жиддий эътибор қаратмоқдалар. Университетлар ярмаркаларида улар иш берувчилар билан учрашиш ва кўнгиллилик ишларини олиб бориш учун хайрия ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш учун қандай имкониятлар таклиф қилишларини сўранг.

7. Нуфуз ва аккредитация

Сиз танлаган университет таниқли ва халқаро тан олинган муассасалар томонидан нуфуз рўйхатларига киритилган бўлиши лозим.

8. Яшаш фаолияти қулайликлари

Муассасалар спорт иншоотлари, талабалар яшайдиган жойлар, кутубхоналар, ошхоналар ва талабалар ўқийдиган бинолар каби ўзлари таклиф қиладиган дунёвий неъматлар ва шароитларга кўра бир биридан фарқ қилади. Кўлам жуда муҳим ҳал қилувчи мезон ҳисобланиб, катта кампуслар яшаш ва ўқиш учун барча шарт-шароитларни таклиф қилиб, кўп ҳолларда кичикроқ кўламдаги кампусларда махсус мақсадларга мўлжалланган шарт-шароитларнинг сони камроқ бўлади. Шунингдек, ўзингиз танлаган соҳага фаолият юритишга оид шарт-шароитлар мавжудлиги ҳақида суриштиришингиз ҳам лозим.

9. Кампусдаги ҳаёт

Университетдаги ҳаёт шунчаки ўқиш ва оғир меҳнатдангина иборат эмас, балки бу ҳаёт талабалар ёши ёки келиб чиқишидан қатъий назар турли туман спорт ва дам олиш дастурлари таклиф қилинишини ҳисобга олсак, ҳамма фаолиятлар орасидаги мувозанатдир. Маданий тадбирлар дам олиш ҳамда мусобақа тарзида ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, “яхши” университет сиз талаба сифатида нимани афзал кўришингиз ва ўрта маълумот олганингиздан кейинги таҳсилдан нималарга эришишни хоҳлашингизга боғлиқ. Масалан, баъзи талабалар кўплаб илмий-тадқиқот олиб бориш имкониятлари, кутубхона ресурслари ва муайян бир фанда махсус курслар мавжудлигини афзал кўришлари мумкин, бошқалар эса алоқалар ўрнатиш, одамлар билан танишиш ва турли туман курсларни ўрганишни хоҳлашлари мумкин. Шартли равишда, яхши университет қуйидагиларни устувор масала қилиб олган бўлиши лозим:

  1. Малакали профессорлар ва ўқитувчиларни ишга олиш ва уларга ёрдам кўрсатиш – бу инсонлар сизга дарс беришади, ва улар университет таҳсилининг ўзагини ташкил қилади
  2. Турли туман курсларда қатнашиб ўқиш имкониятлари (жумладан, изчил таклиф қилинадиган ва замонавий тадқиқот ишлари ва воқеалар билан тўлдириладиган курслар).
  3. Молиявий ёрдам олиш имкониятлари
  4. Кенг кутубхона ва компьютерда ишлаш бўлимлари
  5. Сифатли ўқувда ёрдам хизматлари ва кўп сонли мутахассисларнинг мавжудлиги (ўқув ишлари бўйича маслаҳатчилар, алоҳида дарс берувчи ўқитувчилар, ЎЁлари ва ҳок.)
  6. Аъло даражада йўлга қўйилган ёрдам хизматлари ва ходимлар (маъмурият, касб танлаш хизматлари, талабалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулкчиликка оид хизматлар ва ҳок.)
  7. Яхши ҳолатда сақланадиган кампус ва яшаш жойлари
  8. Соғлом, турли-туман овқатлар мавжудлиги ва нархи қиммат бўлмаган озиқ-овқат режа имкониятлари
  9. Тадқиқотлар олиб бориш имкониятлар ва барча кафедралар ва факультетлар учун молиялаштириш имкониятлари
  10. Саломатликни ва ободончиликни қўллаш (маслаҳат, тиббий хизматлар, спорт зал)
  11. Хавфсизлик хизматлари кампусда жиноятнинг кам содир бўлиши ёки умуман содир этилмаслиги, жинсий тажовузлардан кейин ёрдам ва ҳок.)
  12. Алоқалар ўрнатиш, дўстлашиш ва талабалар бошқаруви учун имкониятлар

Хулоса сифатида, сизга ўқув фаолиятингизда омад тилайман ва кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширасиз ва Ўзбекистон ёки чет элларда ўзингиз орзу қилган университетни топасиз деб умид қиламан!!

Азамат Акбаров,

Қозоқ Миллий Университети профессори, Олмаота

Муаллифнинг бошқа мақолалари билан танишинг:

Профессор минбари: Ўзбекистонда ўқув дастурлари ишлаб чиқиш муаммолари ҳақида

Ёш профессор Азамат Акбаров: “Тил ўрганиш — умидсизликни енгишдан бошланади”