Биласизми?

Фендан турмушда фойдаланишнинг 7 усули

Бу буюм ҳар бир рўзғорда бор, лекин унинг ноёб имкониятлари ҳақида кўпчилик билмаслиги мумкин. Бугун биз сизга кундалик ҳаётда фендан фойдаланишнинг бир неча усуллари ҳақида айтмоқчимиз.

Ёғоч юзадаги доғларни кетказиш

Баъзан, ёғоч столга пиёлани қўяр экансиз, стол устида қолган хунук доғни пайқаб қоласиз. Бу доғни фен ёрдамида бир-икки дақиқа қиздирсангиз, у осонгина йўқолади.

Тўшакни шишириш

Бу усулни билиб олсангиз, шишириладиган тўшакни ҳаво билан тўлдириш сиз учун жуда осонлашади. Пластик бутилка тагини кесинг ва уни скотч ёрдамида фенга маҳкамланг. Энди бемалол дам беришга киришсангиз бўлади!

Пластирни олиб ташлаш

Пластирни олиш — ёқимсиз ва оғриқли иш, лекин маълум бўлишича бунинг олдини олиш мумкин экан! Пластир ёпиштирилган жойни фен ёрдамида бир неча дақиқа қиздирсангиз у осон олинади.

Конвертларни очиш

Баъзан почта орқали муҳим ҳужжатларни жўнатишда конвертни ёпиштирганингиздан кейин бирон-бир ҳужжатни унутиб қолдирганингизни билиб қоласиз. Энди сиз қайтадан янги марка сотиб олмасангиз ҳам бўлади. Ёпиштирилган конвертни очиш учун унинг елимланган жойини фен ёрдамида бир-икки дақиқа қиздиришнинг ўзи кифоя қилади.

Мум доғларини кетказиш

Гилам устига тўкилган мум доғларини фен ёрдамида тозалаш мумкин. Муаммоли юзани бир-икки дақиқа давомида қиздиринг ва эриган мумни қоғоз салфетка ёрдамида артиб олинг.

Ғижим бўлган кийимни текислаш

Дазмол бўлмай қолган вазиятларда, ғижимланиб қолган кийимга бироз сув сепинг ва уни фен ёрдамида яхшилаб қуритинг. Натижада кийимингиз дазмоллангандек бўлади.

Кўзойнаклар шаклини тўғрилаш

Кўзойнагингиз илгаригидек турмаяптими? Уни тўғрилашнинг иложи бор: кўзойнакнинг пластик қисмини фен ёрдамида қиздирсангиз унинг шаклини қўл билан тўғриласа бўлади.

Манба: Daryo.uz