Ошхона

Мазали тефтель тайёрлаш сирлари

Хушбўй, ширали, қайлада димланган гуруч ва гўштли шарчалар ҳар кимнинг иштаҳасини қитиқловчи таом, шундайми? Энди уларни янада тотли қилиб тайёрлаш мумкин. Бунинг йўли осон.  

1.    Тефтелларни фақатгина ўсимлик ёғида қовуриб олинг, асло зайтун мойи, маргарин, сариёғ ёки думба ёғида эмас. Қизиган зайтун мойида қовурилган тефтеллар бемаза чиқади.

2.    Тефтелларни ясаш осон бўлиши учун унга 1 дона туxум ёки ёрма солинг.

3.    Мол гўшти+товуқ гўшти ёки қўй гўшти+мол гўштини аралаштириб тайёрланган тефтеллар мазалироқ чиқади.

4.    Агар тефтелларни газ печида пиширишга қарор қилган бўлсангиз, қайла тайёрлашда бор фантазиянгизни ишга солинг. Сабзавотлар, қаймоқ, қирғичдан ўтказилган помидор ва унни аралаштириб қайла тайёрланг. Тефтелнинг мазаси кўп жиҳатдан қайлага боғлиқ.

5.    Қовурилган тефтеллар устига дарров қайла қуйманг. Аввал унинг ўзини 5-10 дақиқа димланг, сўнг қайлани соласиз.

6.    Қайла тефтелларни қопласин, шунда улар ширали ва хушбўй бўлиб пишади, қуруқ бўлиб қолмайди.

7.    Тефтелга солинадиган гуручнинг шираси қанча кам бўлса, шунча калорияси кам бўлади. Бунинг учун гуручни аввал совуқ сувда бир неча марта ювинг, сўнг кўп миқдорда сув солиб қайнатинг. Қайнаб чиққач устидаги кўпикни олишни унутманг. Гуруч катталашгач, оловни ўчириб, 10 дақиқага қолдиринг. Сўнг гуручни сузиб олинг-да, шираси кетиши учун муздай сувда чайинг.

8.    Тефтелларни димлаш учун қозонга солаётганда улар орасида масофа қолдиринг, ахир пишиш жараёнида шиши бор. Тайёр тефтелларни дарров ейишга шошилманг. Олов ўчирилгандан сўнг хеч бўлмаса 1 соат қайлани сингдириб турсин, бундай усул тефтель таъмини яна ҳам яxшилайди.

Манба: Darakchi.uz