Ошхона

Озарбайжонча чучвара

Келинчаклар ён дафтарига...

Зарур масаллиқлар (6 кишилик): хамирига: 2,5 стакан ун, ярим стакан кефир, 2 дона тухум, 2 ош қошиқ сариёғ, туз; қиймасига: 700 гр. гўшт, 1 дона тухум, 1 бош пиёз, 2 бўлак саримсоқ пиёз, 1 ош қошиқ қуритилган райҳон, майдаланган қора мурч, туз; шўрвасига: 1,5 л. товуқ шўрваси (кубиклардан фойдалансангиз ҳам бўлади), 1 бош пиёз, 4 дона қора мурч, петрушка, шивит, туз ва зираворлар.

Тайёрланиши: 1. Гўшт, пиёз, саримсоқ пиёзни тўғраб, гўштқиймалагичдан ўтказинг. Кейин ҳамма масаллиқларни қўшиб, тухум, туз, мурч ва қуритилган райҳон солинг-да, яхшилаб аралаштиринг. 20 дақиқа музлаткичда қўясиз.

2. Кефир ва тухумни аралаштириб, кўпиртиринг. Ун, туз солиб, хамир қоринг. Сочиққа ўраб, 25 дақиқа тиндиринг.

3. Хамирни 2 мм. қалинликда ёйиб, 2Х2,5 см. катталикда тўртбурчак қилиб кесинг. Ҳар бирига ярим чой қошиқдан қийма солиб, чучвара шаклида тугинг. Чучвараларни қиздирилган сариёғда 4 дақиқадан қовуриб олинг.

4. Товуқли шўрвани қайнатинг. Пиёзни тўғраб, шўрвага солинг. Бироз қайнатгач, қора мурч доналарини ҳам қўшинг. Чучвараларни солиб, 4 дақиқа қайнатинг. Кейин оловни пасайтириб, 10 дақиқа қайнатишда давом этинг. Майдаланган кўкатлар ва зираворлар солишни ҳам унутманг.

Тайёрланиш вақти: 1 соат.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси