Тарбия

Қизларимизга ўрнак бўла оляпмизми ёки қуш уясида кўрганини қилади

Бир куни тумандаги «Гўзаллик салони»да навбат кутиб ўтирган икки жувоннинг ёш қизчалари олдида қайнонасини ғийбат қилаётганига гувоҳ бўлдим.

– Мен тунов куни мактабдаги «Алифбе байрами» учун қизимни шу ерга олиб кириб сочини турмаклатиб кетдим. Аммо уйга борганимда қайнонам билан бўлди жанжал, бўлди қиёмат.

– Нимага?

– Мен у киши хоҳлаганидай келин эмасмишман. Эндиги топган гапи-чи?! «Неварамнинг тарбиясини бузасиз», дейди. Аслида зиқналиги тутиб, қизимнинг соч турмаги учун анча-мунча пулни ишлатганимга ғаши келди. «Менинг кийинишимга қарши туриб қилган жанжалларингиз камми, энди набирангиз учун ҳам урушасизми?» дедим. Рост-да, мендаям орзу-ҳавас бор. Қизим тадбирда чиройли бўлиб қатнашишини хоҳлайман.

– Қўявер, қайнона зотининг бари шу. Менинг қайнонам «жанг» қилмай қўйди. Учта болам билан ажратиб юборолмайди-ку. Қолаверса, сарф қилаётган пулимни қайнонамдан олаётганим йўқ. Ўзим топаяпман. Шунинг учун эрим ҳам индаёлмайди…

Етти ёшлар чамасидаги қизча эса жимгина уларнинг суҳбатини эшитиб турибди. Унинг назарида «Бувиси жуда зиқна, жанжалкаш. Онаси эса унинг чиройли бўлишини хоҳлайдиган яхши аёл. Дадаси ҳам уни яхши кўради». Бола шу зайлда «қайнона албатта ёмон» деган фикр билан… улғайиб боради. Аммо у онажониси ўз қизчасининг сочини ҳавас билан, меҳр билан саришталашга ҳам уқуви келмаслиги, оиладаги сарф-харажатни ўринсиз ошириб, оила бюджетига зиён келтираётгани, оқила, тежамкор аёл эмаслигини, шундан ҳам оиласида майда-чуйда жанжаллар бўлиб туришини, бунда ким хақ, ким ноҳақ эканини ҳозирча бил­майди.

Болалигиданоқ пардоз-андоз қилаётган, сочини фалон пулга турмаклатиб, эвазига бувиси билан онасининг жанжалларини эшитиб улғаяётган қизчаларнинг оқила, одобли бўлиб улғайишига, турмушга узатилганда тушган жойида ҳурмат топиб яшашига ким кафолот беради?

Ҳаёт мураккаб. Ёш оналаримиз баъзан хақ, баъзан ноҳақ жанжалларга дуч келади. «Ўзимни ҳимоя қилаяпман» деган оқлов хулоса билан меъёридан ошириб бақиришга, сўкинишга, ўзидан катталигини ўйламай, сенсираб, қўлини арра қилиб уришишгача бораётганлари ҳам йўқ эмас. Ёш онанинг қизи ҳам, ўғли ҳам буни кўриб туради. Фарзандлар онасининг ибрат дарсидан сабоқ олиб, тарбияси шу тарзда шаклланиб боради.

Эҳтимол ўша жувонлар эрта индин қизи улғайиб, энди онасининг ўзига бўйсунмай қўйганида «менга гап қайтарма» деб қизидан хафа бўлар. Гап қайтармаслик ҳақида тарбия берар. Қизлари бир пайтлар ўзи кийгандан ошириброқ, ўзбекликка ярашиқсиз кийимлар кийганида, тез-тез бозордан янги либос олиб бериш ҳақидаги инжиқлиги жонига текканида «яхши қиз қанақа бўлиши» ҳақида, одоб, ҳаё, ибо ҳақида ўгит берар. Аммо қизи аллақачон тарбияни онасининг кечаги кунидан, феъл-у атворидан олиб бўлганини билармикин?!

Агар ўша оналар китоб ўқишни суйса, ўқиганларидан хулоса чиқариб ўз ҳаётига, феъл-у фазилатига бир разм солса, яхши ёмонни осон фарқларди. Ўзбекона қадриятларимизни ҳурмат қилиб ўзи ҳам ҳурматга лойиқ бўлиб борарди. Ахир орамизда болаларим етим бўлмасин деб, баъзан ноқобил, баъзан бевафо турмуш ўртоғининг жабрларига сабр қиладиган аёллар кам эмас.

Қишлоғимизда яшайдиган шундай аёлни биламан. Унинг ўз турмушидан ўксиниб кимгадир шикоят қилганини, кимнидир қарғаб, кимдандир норизо бўлганини ҳеч ким кўрмаган. У болалари олдида ҳар турли гапларни гапиришдан ҳам ўзини тия­ди. Ота обрўсини сақлашга интилиб яшайди. Келин бўлиб тушган ҳовлисига меҳр қўйган. Ҳали ҳам ўз келинлик бурчларини унутмайди. Ҳаётда ҳеч нарса ажрсиз эмас, қайнонаси келинининг сабр-бардошига қойил қолиб ноқобил ўғлига инсоф тилаб дуо қилаверади.

Яхшилик яхшиликни етаклаб келади, деган гап бор. Ноқобил эр ҳам яхшига айланди, қилмишига тавба тазарру қилди. Уларнинг бувижонларидан дуо, онасидан ибрат олиб улғайган қизлари эса, тарбияли, сабрли, одобли бўлиб улғайишди. Ҳаммаси бахт топиб кетди. Ахир халқимизда «Олманинг тагига олма тушади» деган нақл ҳам бор.

Замира Хўжамбердиева

Манба: Tafsilot.uz