Саломатлик

Қондаги холестерин миқдорини қандай қилиб дори-дармонларсиз камайтириш мумкин?

Қондаги холестериннинг ошиб кетиш муаммоси бугунги кунда кўпчиликни ташвишга солмоқда. Чунки юрак-томир касалликлари ва унинг оқибатида юз берадиган инсульт ва инфаркт ҳолатлари бу модда билан узвий боғланган. Мақоламиздан қондаги холестерин миқдорини қандай қилиб дори-дармонларсиз камайтириш йўлларини билиб оласиз.

Тўғри овқатланиш

Қондаги бу модда миқдорини камайтириш учун ёғли ва калорияси юқори бўлган овқатлардан воз кечиш зарур бўлади.

Лекин шуниси ҳам борки, ҳаммаси эмас, балки тўйинган ёғлар зарар келтиради. Уларга гўшт маҳсулотлари, сут, пишлоқ, қаймоқ, шунингдек сариёғлар киради. Яхшиси уларни ўсимликлар, балиқ ва денгиз маҳсулотларидан олинадиган ярим тўйинган ёғлар билан алмаштириш керак.

Таркибида клетчаткалар кўп бўлган донли ва дуккакли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш жуда фойдали. Маҳсулотларни яхшиси қайнатиш ёки димлаш йўли билан тайёрлаган маъқул.

Рационга ёнғоқ қўшиш ҳам мумкин. Шуни унутмаслик керакки, холестерин даражаси пектинлар ва C витамини таъсирида пасаяди, шунинг учун цитрусли мевалардан воз кечмаслик керак.

Спорт билан шуғулланиш

Мунтазам равишда спорт билан шуғулланиш қоннинг яхши айланиши, юрак мушакларини мустаҳкамлаш ва томирларнинг эластиклигини сақлаб қолиш учун зарур. Бу усул умрнинг охиригача қондаги холестерин миқдорининг ошиб кетишидан сақлашга ёрдам беради.

Занжабил

Қондаги холестерин миқдорини дори-дармонларсиз пасайтиришга ёрдам берувчи халқона усуллар ҳам бор. Бунинг учун биринчи навбатда занжабилга эътибрингизни қаратинг. Уни овқатга қўшиш ҳам, чой дамлаш ҳам мумкин.

2 ош қошиқ эзилган занжабил илдизини қайноқ сувга солиб бир соат давомида дамлаб қўйинг. Бу чойни лимон ва 1 чой қошиқ асал аралаштириб ичиш мумкин.

Липа гуллари

Липа гуллари ҳам холестеринни камайтиришга ёрдам беради. Унинг кукунини ҳар куни бир чой қошиқдан совуқ сув билан бирга ичиш керак. Бундай восита ёрдамида даволаниш курси олти ойгача давом этиши мумкин.

Лимон ва саримсоқ

Бу воситани тайёрлаш учун 4 дона лимон ва 400 г саримсоқни гўштқиймалагичдан ўтказиш керак бўлади. Уларни аралаштиринг ва совитгичга қўйиб қўйинг. 3 кундан кейин эса бу аралашмани ҳар куни бир чой қошиқдан 4 ой давомида қабул қилишингиз мумкин.

Манба: Daryo.uz