Биласизми?

Юнон ва рим файласуфларидан 5 молиявий маслаҳат

Барча даврлар учун долзарб доно маслаҳатлар.

1. Эпиктет, «Энхиридион»

Дунёда баъзи нарсалар бизнинг тасарруфимизда бўлса, бошқалари - имкон доирамиздан ташқарида бўлади. Тахмин, шижоат, саъй-ҳаракат, чекиниш ва ҳоказолар - бизнинг тасарруфимизда; тана, мулк, шон-шуҳрат, раҳбарликка тайинланиш кабилар - бизнинг тасарруфимизда эмас.

Эпиктет

Биз ўз хоҳиш-истакларимиз, фикрларимиз ва хатти-ҳаракатларимизни назорат қиламиз. Қолган барчасини, ташқи ҳодисаларга таъсир кўрсатишга ҳарчанд уринмайлик, назорат қила олмаймиз.

Ҳис-туйғулар ва хоҳиш-истаклар гирдобида қолганингизда ёдингизда бўлсин: сизда уларга эргашиш ёки эргашмаслик имкони бор. Бу доим фақат ўзингизга боғлиқ бўлади. Бир лаҳзалик ҳиссиётларга берилиш ё берилмаслик ўз қўлингизда.

Маслаҳатни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш мумкин?

Дўконда бирор кераксиз нарса харид қилиш истаги туғилганда шу ҳақида ўйланг. Таом тайёрлашга эриниб, уйга овқат буюртма қилмоқчи бўлганингизда ҳам шу маслаҳатни ёдга олинг. Шуни унутмангки, сизнинг танловингиз сизнинг молиявий аҳволингизга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Ҳар қандай шундай қарорнинг ўз қиймати бор.

2. Софокл, «Антигона»

Дунёда пулчалик ахлоқни бузадиган нарса йўқ.

Софокл

Пул — алмашинув воситаси. Мақсадга эришиш ёки истаган нарсани қўлга киритиш учун пул етмаса, бу умидсизликка олиб келади. Таъкидлаш жоизки, кўпчилик нафақат орзуга етишишда, балки шунчаки кун кўришга ҳам пул етишмаган вазиятда қолади. Бундай вазиятда тежамкорликка риоя қилиш жуда қийин.

Маслаҳатни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш мумкин?

Ўзингиз учун асосий молиявий тамойилларни ишлаб чиқинг ва уларга риоя қилинг. Масалан, қўлга киритаётган пулингиздан камроқ пул сарфлаш ва барча харажатларни назорат қилиш. Кундалик хатти-ҳаракатларингиз ва харажатларингизни қанча кўп назорат қилсангиз, катта мақсадларга эришиш имконингиз шунчалик кўп. Пулни нима учун тежаётганингизни аниқ англаганингизда ўзингизни чеклаш у қадар қийин бўлмайди.

3. Марк Аврелий, «Ўзингизнинг ахлоқий тамойилларингизга ишонинг»

Донишманд кишиларнинг асосий тамойилларини - уларнинг нима кетидан қувиб, нимани четлаб ўтаётганини ўрганинг.

Марк Аврелий

Қандай қарор қабул қилиш борасида иккиланаётган бўлсангиз, ўзингизнинг ахлоқий тамойилларингизга ишонинг. Бунинг учун энг аввало ўзингиз учун нима муҳим экани, нимани энг кўп қадрлашингиз ҳақида ўйланг. Бу қадриятлар ҳар қандай вазиятда сизнинг қарор қабул қилишингизга ёрдам беради. Улар ўзингиз истаган ҳаёт сари ҳаракат қилишда кўмак беради.

Маслаҳатни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш мумкин?

Шахсий қоидаларни тезда ишлаб чиқишнинг уддасидан чиқа олмасангиз, донишманд кишиларнинг тамойилларини ўрганинг. Ўзингиз ҳурмат қилган кишиларнинг қадриятларини кузатинг. Ҳаммасини мулоҳаза қилинг. Эҳтимол, улар сизга ҳам тўғри келар.

4. Платон, «Давлат»

Ишбилармонлар — зерикарли компания, зеро уларда пул қийматидан ташқари ҳеч қандай ўлчовлар йўқ.

Платон

Фақат пул ишлаш мақсадида ўз тамойиллари ва муносабатларидан воз кечадиган одамлар билан мулоқот қилиш ёқимсиз. Харидда оёқ тираб турадиган шубҳали сотувчиларни ёки ўз бизнесига сармоя киритишга ундовчи танишларингизни ёдга олинг. Бундай инсон бўлмасликка ҳаракат қилинг.

Маслаҳатни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш мумкин?

Ўз мажбуриятларингизни аниқ тасаввур қилинг ва уларни бузманг. Ёдингизда бўлсин: пуллар фақат ўз тамойилларингизга мувофиқ яшаш учунгина керак. Пулларга бўлган меҳр-муҳаббатингизнинг сизнинг ахлоқий тамойилларингизга таъсир қилишига йўл қўйманг.

5. Эпикур, «Хатлар»

Озгинага қаноат қилмаган кишини ҳеч нарса билан қаноатлантириб бўлмайди.

Эпикур

Модадан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, энг янги нарсаларни харид қилишга ҳаракат қиламиз, бироқ бу хавфли йўл. Афсуски, замонавий маданият бу мойилликни рағбатлантиради. Истеъмолчиларга тобора янги ва мукаммал товарлар таклиф қилинмоқда.

Маслаҳатни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш мумкин?

Агар ҳаётингизнинг айрим жиҳатларидан норози бўлсангиз, ҳечқиси йўқ, бу ривожланишга ёрдам беради. Бироқ бу норозилик тобора янги нарсаларга эгалик қилиш эҳтиёжига ўтса, сиз ҳеч қачон тинчлик ва қониқиш ҳис қилмайсиз. Ўзингизни ўзингиз назорат қилишни ўрганинг.

Манба: Kun.uz