Кутубхона

Ажрим зарбаси: оила бузилгач, болангиз учун дўстликни сақлаб қолинг!

Тадқиқотларга кўра, ажрим инсонга жиддий руҳий зарба беради. Уни бошдан кечирганлар бу фикрга қўшилса керак. Ажрим остонасида турган оилада фарзанд бўлса, бу масъулият икки баробар ортади.

Янги турмуш остонасида турган икки ёш ҳеч қачон кун келиб ажрашиб кетишни хаёлига келтирмайди. Аммо ҳаётда кутилмаган воқеликлар ҳам учраб туради. Чилпарчин бўлган орзуларнинг бўлаклари қалбга санчилиб, оғриқ беради. Бу оғриқни босиш учун қарши томонга каттароқ зарбалар ҳозирланади. Ширин онлар унутилиб, бирга ўтказилган дамлар фожиа, қаршидаги инсон нокас бўлиб кўринади. Шундоқ ҳам оила аталмиш дунёси пароканда бўлган бола эса икки яқин инсони орасида қолиб кетади. Афсуски, баъзида жуфтликлар ўз дилбандларини аро йўлда қолдираётганларини сезишмайди ҳам. Чунки улар ўзаро муносабатларига «аниқлик» киритиш билан банд.

Афанди фарзандининг қўлига кўза тутқазар экан, унинг юзига бир шапалоқ туширибди. «Нега урасиз?» деб ҳайрон бўлган ўғлига, «кўзани синдирганингдан кейин уришимнинг нима фойдаси бор», деб жавоб берган экан. Оила ҳам мана шу латифада айтилган кўзага ўхшайди. Кўзани ку синдириб бўлдингиз, энди синиқлари билан бир бирингизни жароҳатлашнинг бирор нафи бўлармикин... Зарари бўлиши эса табиий.

«Онамдан қўрқиб, отамни қўмсаб…»

«Ота онам болалигимда ажрашиб кетишган. У пайтда жуда ёш бўлганим учун нима сабабдан ажрашганларини билмайман. Бироқ умрим давомида отам ҳақида билмаганим — мен учун армон. Ақлимни таний бошлагач, онамдан дадам ҳақида сўраганимда эшитган даккиларимни ҳали ҳамон унута олмайман. Кейинчалик ўзим отамни излаб топиб, бир икки учрашдим ҳам, аммо буни онам билиб қолиб...

Шундан сўнг отамни кўча-кўйда кўриб қолсам ҳам ўзимни олиб қочадиган бўлганман. Аммо доим ич-ичимдан у киши билан ўтириб гаплашгим, ҳолидан хабар олгим келарди. Хуллас, бир томондан онамдан қўрқиб, бошқа томондан отамни қўмсаб ўсдим. Ўзим ҳам ота бўлгач, шижоатимни йиғиб, отамни излаб бордим. Аммо кечиккан эканман… Отам оламдан кўз юмган. Энди бир умр юрагимдаги армон билан яшасам керак. Онам нима учун дадамнинг ўчини мендан олганини ҳеч тушуна олмайман. Бирор ишим онамга ёқмаса ҳам «ўшанинг боласисан-да, қаёққаям борардинг?!» деб юзимга соларди. Ахир нима бўлганда ҳам ўша инсон менинг дадам бўлиб қолавериши керак эмасми?»

Фарруҳ

1-хато. Ажрим ёқасида турганларнинг энг катта хатоси — уни уруш майдонига айлантириш. Тўғри, аламли ҳиссиётларни жиловлаш осон эмас. Ҳали тўла ёниб битмаган севги ва нафрат бир бири билан қоришиб кетади. Айблов ва муаммолар бориб бориб катта жанжалга айланади. Бу ҳолат нафақат болага, балки катталарнинг руҳий кайфияти ва саломатлигига ҳам таъсир кўрсатади.

Статистик маълумотларга кўра, ажрашганлар оилали инсонларга қараганда икки баравар кўпроқ бетобланар экан.

Ҳаётда нимаики юз бермасин, барининг замирида ҳикмат борлигини ёдга олинг. Ойнани қанчалик майдалаб синдирсангиз, бу бўлакчаларни териш учун шунча кўп вақт талаб қилинади. Ажрим — ҳаёт тугади дегани эмас. Баъзида инсонлар бир бири билан келиша олмайди. Хатоларни эса сабоқ сифатида қабул қилишни ўрганиш керак. Бор эътиборингизни ҳаётингизни фарзандларингиз бахти учун йўлга қўйишга, ўзингизни қўлга олишга қаратинг. Бу вақт ва кучни бемаъни жанжалларга сарфлашдан кўра фойдали. Шундагина фарзандларингиз келажагини ҳам хавфга қўймайсиз.

2-хато: дардини барчага дастурхон қилиш. Қўшни холанинг таскин берувчи сўзларига муҳтожлик сезишингиз мумкин, аммо ўзингизга савол бериб кўринг-чи, бу сизнинг ҳолатингизда ёрдам берадими? Муаммодан кўпчиликнинг хабардор бўлиши унинг яна-да чигаллашишига олиб келади. Хоҳ қариндош бўлсин, хоҳ яқин қўшни ҳар бир «жон куйдирувчи» албатта сизга икки оғиз «насиҳат» қилишни ўз вазифаси деб билади. Ажрим ҳолатида айниқса, эр-хотиннинг қайнота-қайнонаси муаммонинг чуқур илдиз отишига сабабчи бўлишади. Бу сабаб собиқ куёв ёки келиннинг айбларини очишга, бутун кулфатлар сабабчиси қилиб кўрсатишга уринишда намоён бўлади. Сиз эса истар истамас уларнинг насиҳатларига қулоқ осиб, амалда қўллай бошлайсиз. Уларнинг сўзлари кўнглингизга бироз таскин беради, аммо муаммони ҳал қилмайди.

Бахтли бўлишга ҳамманинг ҳаққи бор!

Баъзи собиқ эр-хотинларда бир-бирининг бахтли эканини эшитганда рашк ҳисси пайдо бўлади. Уларга ҳаётини барбод қилган ношуднинг бахтли бўлишга ҳаққи йўқдай туюлади. Ҳиссиётлар чуқурлашиб, «эски» ҳаёти ботқоғига ботиб қолганини ҳис қилмайди. Янгиликлар қувонтирмайди, собиқ эр-хотин уларни кўришга ҳам вақт топа олмайди. Улар бир-бирининг ҳаёти билан шунчалар ўралашиб қолишадики, ўз куч ва вақтларини кераксиз нарсаларга сарфлашаётганини сезишмайди ҳам. Вазиятга ортиқча фожиа киритиш шарт эмас. Ҳар бир инсоннинг бахтли бўлишга ҳаққи бор, жумладан, собиқ эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам.

Унутманг!

Фарзандлар сизнинг ҳаётингиздан андоза олишади. «Кичик бола нимани ҳам ҳис қиларди», деган фикрни унутинг. Ундан ҳар қанча яширишга уринманг, бола ота онасига тааллуқли бўлган ҳар бир нарсани ҳис қилади. Фақат буни очиқчасига билдирмаслиги мумкин. Ажрашган ота оналар фарзандига нисбатан ё қаттиққўл бўлиб қолишади ёки ортиқча эркалатиб юборишади. Агар ота она ажримга ортиқча фожиавийлик киритмаса, бола учун бу даврдан ўтиш осон кечади.

Фарзанд учун мураккаб танлов

Кўп ҳолларда фарзанд она билан қолади. Ва юқорида келтирилган мисолдаги каби отасига қаратилган «ўч ўқи»га айланади. Оила ажрим остонасида турганда ота она ўзлари ҳам сезмаган ҳолда боладан иккисидан бирини танлаш талаб этилади. Бу эса бола учун улкан масъулият. Ажрим туфайли эр-хотинлик даврингиз тугагандир, аммо фарзанд учун ота-оналик даврингиз ҳеч қачон ниҳоясига етмайди. Қаршингиздаги киши сизга қанчалар ёмон кўринса-да, фарзандингизни отаси ёки онасидан маҳрум этишга ҳаққингиз йўқ! Аксинча, бола ва ота (она) ришталари узилиб кетмаслиги учун ҳаракат қилинг. Собиқ эрингиз (хотинингиз) билан унинг тарбияси, ўқишлари борасида маслаҳатлашиб туринг.

«Қизимни собиқ эримга кўрсатмайман, дегандим…»

«Ажрашганимда қизим мен билан қолди. Аввалига алам устида «қизимни унга кўрсатмайман», деган қарорга келдим. Аммо бироз ўзимга келгач, бу қарорим нотўғрилигини англаб етдим. Эрим менга қандай муносабатда бўлганидан қатъи назар, ўз фарзандини яхши кўради. Боламни отасидан маҳрум қилишим эса нотўғри. Шундан сўнг аста секин фарзандим учун собиқ эрим билан муносабатларимизни тикладим. Бунинг учун энг аввало у билан ўтириб, ҳеч қандай айбловларсиз фарзандимизнинг келажаги ҳақида гапирдим. У ҳам тушуниб, қизи учун қўлидан келган ёрдамни аямаслигини билдирди. Ҳозир менинг ҳам, унинг ҳам ўз оиламиз бор. Аммо биз бир-биримиздан айро бўлсак-да, қизимнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор. Дадасининг уйига меҳмонга бориб туради, истаган пайтида отасидан ёрдам сўраши мумкинлигини билади. Мен учун эса қизимнинг ўзига бўлган ишончи муҳим».

Феруза

Статистикага кўра, кўпгина ажрашган жуфтликлар қайтадан оила қуришни исташар экан. Шунинг учун унутманг, эшикни қанчалик қаттиқ ёпсангиз, уни очиш шунча қийин кечади.

Айбдорларни излашдан аввал ҳаётингизга бир назар ташланг. Оила номли қайиқнинг эшкаклари ҳар иккингизнинг қўлингизда эди. Бир эшкак билан узоққа боришнинг иложи йўқ. Айб собиқ турмуш ўртоғингиздан ҳам, ўзингиздан ҳам ўтган. Хатоларингизни англаш, тўғирлаш эса келажак ҳаётингизда уларни такрорламаслик имкониятини беради. Айтишларича, иккинчи оилани сақлаб қолиш қийинроқ экан. Балки бунинг сабаби вақтида англанмаган, тан олиб, тўғирланмаган хатолардадир?..

Мутахассис фикри

Лутфулла Турсунов, руҳшунос: — Оиладаги ажрим натижасида ҳар икки томон ҳам руҳий зарба олиши, ютқазиши психологияда кўп бор талқин этилган. Эр хотин ажрим жараёнида бир бирига нисбатан қанчалик тажовузкор бўлса, оила пароканда бўлгач, шунчалик афсус қилишади. Бунга сабаб шуки, бирга яшаш давридаги ширин хотиралар аста секинлик билан қайта акс этиб бориб, ажрашган эр хотиннинг хаёлини эгаллай бошлайди. Шу сабабдан ҳам ажрашганларнинг хаёлан паришон бўлиб қолишлари табиий ҳол ҳисобланади. Оила психологиясида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ажрашгандан сўнг эркакларда ўзини овутиш учун ичкиликка ружу қўйиш, аёлларда эса сурункали йиғлаш ёки бирор одатга бутунлай берилиб кетиш ҳолатлари кузатилади. Ёлғизликка мойиллик ортиб, одамови бўлиб қолади. Ажрим амалга оширилгандан сўнг кўп ҳолларда руҳий тушкунлик юзага келади. Бу шахснинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, ижтимоий хусусиятларида ҳам ўзгаришлар юзага келади. Ажрашгандан сўнг иккала томон ҳам аввалгисидан яхшироқ ҳамкорни қидира бошлайди. Лекин бу ҳар доим ҳам муваффақиятли кечавермайди.

Бир олим оиласи билан ажрашмоқчи бўлганида, дўстлари нима сабабдан ажрашмоқчилигини сўрашибди. У лом мим демабди. Шунда дўстлари, «ҳа нима бўлди», дейишганида: «агар унинг айбларини айтсам-у, кейин ажрашсам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан, ажрашмасам эса ўз хотинимни», деган экан.

МАДИНА

Манба: Darakchi.uz