Жинсий ҳаёт

Жинсий алоқанинг мияга таъсири

Жинсий муносабат эр-хотин ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Айнан шу муносабат орқали шириндан шакар фарзандлар вужудга келади. Бу вақтда эр ва хотиннинг бир-бирига меҳри ортади. Ҳа, бу гапларни давом эттирсак анчага чўзилиши табиий. Гапни қисқа қилган ҳолда сизга “Шифо инфо” газетасида чоп этилган сексопатолог Дилмурод Эргашевнинг жинсий яқинлик мияга қандай таъсир этиши тўғрисидаги фикрларини улашсак.

“Эркак киши жинсий яқинлик вақтида жуда кучли ҳаяжонга берилиб, барча ташвишларини унутади. Бу пайтда унинг юрак уриши ва нафас олиши тезлашади. Қон босими кўтарилади. Хуллас мия фаолияти юқори даражада ишлайди. Олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, роҳатланиш ҳисси аёлларга нисбатан эркакларда кучли экан. Хулосаларга кўра, бир эркак бутун ҳаёти давомида ўртача 9,3 соат оргазм ҳис қилади.

Ўзаро яқинлик чоғида эркак миясида қўзғалиш кучайиб, унга келаётган турли қониқтирувчи гармонлар миқдори ошади. Шу туфайли у барча кўнгилсизликлар, ташвишлар ва ёмон ўй-ҳаёлларни унутади. Сабаби бу вақтда нафақат бош мия, балки бутун организм максимал даражада ишлайди. Шунингдек, яқинлик вақтида организмда окситоцин деб аталувчи гaрмон ҳосил бўлади. Бу гармон эр-хотиннинг бир-бирига бўлган ишончини оширади, уларга ёқимли туйғулар бағишлайди.  Сексопатологлар фикрича, оргазм мияга борувчи оғриқ ҳиссини блоклаб қўяди. Шу сабаб мунтазам, тартибли жинсий ҳаёт кечирувчи эркаклар бош оғриғидан шикоят қилишмайди.

Қизиғи шундаки, жинсий яқинлик бош мияда хотира ва ақл учун жавобгар ҳужайраларнинг ҳам ўсишига ёрдам беради. Ўз жуфти ҳалоли билан осойишталикда ҳафтасига 2-3 марта яқинлик қиладиган эркаклар юрак касалликларига кам чалинишади. Қонда ёшлик учун жавобгар гормонлар миқдорининг ошиши ҳисобига қариш жараёни ортга сурилади, тери тетиклашади. Агар эркакнинг тос соҳасида қон айланиш яхши бўлса, унга простатит хавф туғдирмайди. Шунингдек, яқинлик ортиқча вазндан қутулишга ҳам ёрдам беради.

Юқоридагиларни келтиришимиздан муддао жинсий муносабатга ҳарисмандликни асло рағбатлантириш эмас. Чунки ҳар бир инсонга Яратган томонидан фақат ўзига хос бўлган меъёр ва имкон ато этилган.

Зеро, жинсий алоқага беҳад ружу қўйишнинг салбий жиҳатлари ҳам кўп. Масалан, айрим ғарб олимлари ўз аёлига хиёнат қилишга одатланган эркакларнинг  аксарияти гўёки кучли жинсий қувватга эга бўлишларини иддао этишади. Лекин айнан ўша зинокор тоифаларда инфаркт ва инсултдан вафот этиш хавфи бошқаларга нисбатан 3-3,5 маротаба юқорилиги аллақачон ўз илмий исботини топган.”

Манба: Avitsenna.Uz