Жинсий ҳаёт

Жинсий суюқлик сабабчи бепуштлик

Бэпуштликка олиб келувчи яна бир кичик фактор - бу аёл бачадон бўйни суюқлигидир. Унинг кимёвий ва физик ҳолати эркак уруғини бепушт бўлишига олиб келиши мумкин.

Маълумки, эркак уруғи аёл тухумдони томон йўл олишида унга бачадон бўйни суюқлиги ёрдам беради. Сперматозоидлар ўзидан-ўзи аёл тухум ҳужайраси томон ҳаракат қила олмайдилар. Уларни у ерга "етакловчи" суюқлик керак. Ана шу суюқлик аёлда овулясия даврида кескин кўпаяди ва унинг ҳолати сперматозоидлар учун мойил бўлиб қолади.

Лекин бу суюқлик нафақат мавжуд бўлиши керак, балки у эркак уруғи учун керакли ҳолатда ҳам бўлиши зарурдир.

Баъзида эр-хотин тиббий кўрикдан ўтади, бирон касаллик аниқланмайди, орада жинсий алоқа мунтазам равишда бўлади, лекин ҳомиладорлик юз бермайди. Шунда аёлнинг бачадон бўйни суюқлигини текшириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бачадон бўйни суюқлиги туфайли сперматозоидларни нобуд бўлишига олиб келадиган ҳолатлар:

1. Бачадон бўйни суюқлигида эркак сперматозоидларга қарши антитаначалар мавжуд бўлади. Бунда жинсий алоқадан сўнг эркак уруғи аёлнинг тухум ҳужайрасига етиб бормай туриб нобуд бўлади. Чунки аёлнинг бачадон бўйни суюқлигидаги антитаначалар эркак уруғини аёл организмига ёт деб билиб, нобуд қилади.

2. Инфексия. Аёлнинг жинсий аъзоларидаги инфексия эркак уруғига салбий таъсир кўрсатиб, сперматозоидларнинг уруғлантириш қобилиятини бузади.

3. Суюқликнинг ПҲ даражаси. Нормада аёлнинг жинсий аъзоларидаги ПҲ  4.5 даражада бўлади. Сперматозоидларнинг бачадон бўйни бўйлаб ҳаракатланиши учун бу паст ҳисобланади. Шунинг учун овулясия пайтида ЛҲ гормони туфайли аёл жинсий аъзоларидаги ПҲ даражаси орта бошлайди ва 7 даража атрофида ва ундан юқори бўлади. Бу муҳит сперматозоидларнинг ҳаракати ва тухум ҳужайрани уруғлантириши учун энг қулай ҳисобланади. Агар аёлда жинсий аъзолари ёки бачадон бўйни суюқлигининг ПҲ даражаси овулясия пайтида ошмаётган бўлса, у ҳолда сперматозоидлар бу муҳитда тез нобуд бўлиб қолади.

4. Бачадон бўйни суюқлигининг физик ҳолати. Суюқлик қанчалик суюқ ва шилимшиқ бўлса, сперматозоидлар шунчалик тез ва осон тухум ҳужайра томон ҳаракатлана олади. Баъзи аёлларда жинсий суюқлик ўта қуюқ ва йўғон бўлиши мумкин. Натижада сперматозоидлар тухум ҳужайрага етиб бора олмайдилар.

Юқоридаги ҳар бир ҳолат бепуштликка олиб келиши мумкин.

Қандай қилиб бачадон бўйни суюқлигини физик ва кимёвий ҳолатини билса бўлади?

Агар жуфтликка бепуштлик диагнози қўйилиб, бошқа касалликлар мавжуд эмаслиги аниқланса, бачадон бўйни суюқлигини текшириш талаб этилиши мумкин. Бу диагностика барча шифохоналарда ҳам ўтказилмайди (Доктор-Д госпиталида ушбу диагностикани ўтказиш - Uzbaby.uz  сайти тавсияси).

Суюқликни диагностика қилиш учун касалхонада унинг жинсий алоқадан олдин ва кейинги ҳолати таҳлил қилинади ва унда сперматозоидларнинг яшай олиш қобилияти ва бунга таъсир этувчи омиллар аниқланади.

Уй шароитида бачадон бўйни суюқлигини табиий равишда сперматозоидларга қулай ҳолатга келтириш имконияти борми?

Бунинг учун ҳомиладор бўлмоқчи бўлган аёл мунтазам равишда қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

1. Кунига камида 2 литр кўк чой ичиш;

2. Антигистамин моддасига эга дори воситаларини қабул қилмаслик;

3. Сунъий Витамин C қабул қилмаслик;

4. ПҲ даражасини оширишга ёрдам берадиган ситрусли мевалардан кўпроқ истеъмол қилиш. Умуман барча мева ва сабзавотлар бунга ижобий таъсир кўрсатади.

5. Жинсий алоқа давомида эркак сперматозоидларнинг яшай олишига қулай муҳит таъминловчи махсус любрикант (мой) лардан фойдаланиш.

6. Ҳомиладор бўлиш учун жинсий алоқани айнан овулясия кунида амалга ошириш.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!