Ошхона

Карамни гўшт билан бирга димлаб пиширамиз

Бу мазали ва тежамкор таомни пазандаликдан умуман хабари йўқлар ҳам тайёрлай оладилар.

Масаллиқлар

  • 500 г гўшт;
  • Ўсимлик ёғи — қовуриш учун;
  • 1 кг карам;
  • 1 дона пиёз;
  • 1 дона сабзи;
  • 1 дона помидор;
  • ½ стакан қайноқ сув;
  • шивит, туз, мурч — таъбга кўра.

Тайёрлаш

Гўштни юпқа қилиб бўлакларга ажратинг.

Товада ўсимлик ёғини қиздиринг, гўштни солинг, бироз қовуринг ва уни 20 дақиқа ўз сувида димланг.

Янги карамни яхшилаб ювинг ва тўғранг.

Пиёзни тозаланг ва юпқа қилиб тўғранг.

Сабзини тозаланг ва йирик қирғичдан ўтказинг.

Помидорнинг пўстини арчинг ва кубик шаклида тўғранг.

Гўштга пиёз, сабзи ва помидорни қўшинг. Аралаштиринг.

Карамни ҳам қўшинг.

Тўғралган карамни олдин алоҳида ўзини олтин рангга киргунча қовуриб олиш ҳам мумкин. Бу таомга чиройли кўриниш ва хушбўйлик бағишлайди.

Бироз қайноқ сув қуйинг ва тованинг қопқоғини ёпиб қўйинг.

Паст оловда димланг. Ҳар 5-7 дақиқада аралаштириб туринг. Агар сизга пишаётган карамнинг ҳиди ёқмаса, тованинг ичига бир бўлак қотган нон қўйинг. Бу ҳидни кетказишга ёрдам беради. Таом тайёр бўлишдан олдин нонни олиб қўясиз.

Пишиш вақти карамга боғлиқ равишда ўртача 20-30 дақиқагача давом этади.

Таъми ёқимли чиқиши учун тайёр бўлишдан 7-10 дақиқа олдин таомга бир чой қошиқдан шакар ва цирка қўшишингиз мумкин.

Таом қуюқроқ бўлиши учун ун қўшсангиз ҳам бўлади. Тайёр бўлишидан 4-5 дақиқа олдин карамнинг ҳар бир килограмми учун бир ош қошиқдан ёғда қовурилган ёки товада қуритилган ун қўшинг.

Карам тайёр бўлгандан сўнг туз ва мурч қўшинг. Яхшилаб аралаштиринг, устини ёпинг ва бир-икки дақиқа қолдиринг.

Дастурхонга тортишдан олдин севимли кўкатларингиздан қўшинг.

Манба: Daryo.uz