Ошхона

Олмали ва майизли хушбўй маффинлар

Хушбўй зираворлар одатдаги таомлар мазасини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юбориши мумкин! Зираворлар қўшилган пишириқларнинг ҳиди эса уй ичига ўзига хос илиқлик ва файз бағишлайди.

Асосий масаллиқлар

    • қатиқ — 250 мл
    • зайтун ёғи — 135 мл
    • буғдой уни — 140 г
    • йирик тортилган ун — 85 г
    • шакар — 120 г
    • олма — 1 дона
    • майи — 50 г
    • юмшатгич — 10 г
    • қалампирмунчоқ — 4 дона
    • эзилган занжабил — 1/2 чой қошиқ
    • эзилган долчин — 1/2 чой қошиқ
    • денгиз тузи — 1/4 чой қошиқ

Тайёрланиши

Духовкани олдиндан 180°C гача қиздиришга қўйинг. Кекслар учун формаларни зайтун ёғи билан мойланг ёки қоғоз формачалар тўшанг.

Қалампирмунчоқни ҳовончада ёки қаҳва эзгичда майдаланг.

Иккала турдаги унларни (агар йирик тортилган ун бўлмаса, унда фақат буғдой ун ишлатинг), шакар, юмшатгич, занжабил, долчин, қалампирмунчоқ ва тузни аралаштиринг.

Олманинг ўзагини олиб ташланг, кичикроқ бўлакчаларга бўлинг.

Қатиққа 125 мл зайтун ёғини қўшинг ва қошиқ билан аралаштиринг. Ёғнинг сифатли ва мазали бўлиши жуда муҳим, чунки маффинларнинг хушбўйлиги ва мазаси шунга боғлиқ!

Ёғ билан қатиққа олмани қўшинг ва аралаштиринг.

Аралашманинг устига зираворлар ва майиз қўшилган унни сепинг, ҳаммасини бирга аралаштиринг. Шуни эсда тутинг: агар хамирни ҳаддан ташқари узоқ вақт аралаштирсангиз унда маффинларнинг ичи жуда қуруқ бўлиб қолади.

Хамирни формаларга уларнинг 2/3 қисми тўладиган қилиб жойлаймиз, чунки пишиш вақтида маффинлар кўтарилади.

Маффинларни қиздирилган духовкада 15 дақиқадан то енгил қизаргунча пиширинг. Кейин бироз совитинг ва дастурхонга тортинг.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz