Кутубхона

Рамазонда 40 кун Чилла ёҳуд "Digital Detox"

Интернет ва ижтимоий тармоқлар бугунги кунда муҳим ва фойдали воситага айланган. Пентагон ва яҳудийларга алоҳида ташаккур бу учун :). Ҳусусан, Facebook Ўзбекистон шароитида оз бўлса ҳам, жиддий ва мазмунли бахс-мунозара бўлиб ўтаётган ягона муҳит бўлса керак. Лекин Интернетнинг зарари ҳам талайгина. Цензура қилинмаган, эркин фикрингиз учун бошингизга келиб тушадиган мусибатларни назарда тутмаяпман, албатта.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ижтимоий тармоқлар, 18+ сайтлар ва смартфондаги дастурлар мия структурасини жисмонан ўзгартираётган экан. Бу миядаги ўзгаришлар эса диққатни жамлаш, эслаб қолиш каби муҳим инсоний қобилиятларга путур етказаяпти. Бунинг натижасида биз узунроқ ва қийинроқ бир матнни охиригача ўқий олмайдиган, машаққат ва давомийликни талаб қиладиган ақлий меҳнат билан шуғуллана олмайдиган бўлиб қолаяпмиз. Яхши хабар шундан иборатки, Интернет, ТВ, смартфонлардан фойдаланиш одатимизни ўзгартира олсак, мия яна ўз оригинал ҳолатига қайтар экан. Буни “neuroplasticity” дейишади.

Тарки одат – амри маҳол

“Биз доимо қайтариб келаётган ҳатти-ҳаракатларимиздан бошқа нарса эмасмиз. Комиллик, демак, муайян ҳаракат эмас, одатдир” дейди файласуф Арасту. Яъни, ҳаётимиз асосан одатлардан (доимо қайтарилиб келадиган фикрлаш, фаолият тарзидан) иборат. Яхши одатлар эгаси - комил инсонга айланади, акси - жоҳилга. Ҳусусан, Интернет, ТВ, ўйинлар, смартфонларга зомби каби ёпишиб қолиш, уларда соатлаб ўтириш на бу дунёимизга, на у дунёимизга фойда келтираяпти.
Тарки одат - амри маҳол бўлса ҳам, лекин ёмон одатлардан воз кечишнинг иложиси бор. Масалан, тасаввуфда чилла (арбаин, итикоф) деган тушунча мавжуд. Яъни, мурид 40 кун ҳилватга чекиниб, оз ейди, оз ичади. Жисмоний эҳтиёжларининг энг ози билан кифояланади, кечаю кундуз доимий зикр билан, фикр билан машғул бўлади. Чилладан мақсад, эски одатларини тарк этиб, янги, фойдали одатларни ҳосил қилишдир.
Иш, оила талаблари туфайли бугун биз бундай узлатга чекина олмаймиз, тарки дунё қилиш шарт ҳам эмас. Лекин ҳаётимизнинг камида бир соҳасида вақти-вақти билан узлатга чекиниб, интизомли яшашни ўрганишимиз керак. Бу ҳам бўлса онлайн ҳаётимиз, гаджетлар билан муносабатимиздир.
Рамазон очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Аллоҳга тақво ҳосил қилинадиган ойдир. Рўзани тўғри тутганда, одатда детоксификация деган жараён бошланади. Яъни бадан ўзида иғилиб қолган заҳарли моддалар (токсинлар) ва эски ҳужайралардан тозалашни бошлайди. Масалан, оғиздан келадиган ҳид ҳам шундан.
Бугунги кунда, фикримча, мусулмон киши жисмоний рўза тутиш билан чекинмасдан, дижитал рўза ҳам тутиши керак. Фастфуд бадан учун қандай зарарли бўлса, Интернет ҳам мия учун шундай зарар экан. Шунинг учун, онгимизни бўлар-бўлмас, иккиламчи маълумотлардан тозалаш, жисмонан ўзгарган миямизни қайта қуриш, диққат қилиш ва эсимизни бир жойга тўплаш каби қобилиятларимизни қайтариш учун дижитал парҳез, детоксификация қилиб туришимиз керак.
Қуйида, келаётган Рамазон ойини онлайн ҳаётимизда “тарки дунё” қилиб, нафс тазкияси ва руҳ тарбияси билан жиддий шуғулланиш имкониятини берувчи бир қанча мулоҳазаларни таклиф қилаяпман.
Мен ўзим шуларга амал қилмоқчиман, сиз эса кераклисини олинг.

Онлайн ҳаётимизни қандай тартиблаш мумкин?  Демак, бугундан бошлаб то Ҳайит кунигача чилла деб белгилаймиз ва шу 40 кун давомида:

  1. Дижитал узлатга чекинамиз. 40 кун жисмоний парҳез ва рўза билан бирга ақлий парҳезга ҳам риоя қилайлик. Миямиз нима истеъмол қилаётганига аҳамият берайлик.
  2. Фейсбук, Одноклассники каби ижтимоий тармоқларга кирмаймиз. Иложи бўлса, бутунлай аккаунтингизни ўчириб ташланг. Иложи бўлмаса, шу кунлар умуман кирмасликка ҳаракат қилинг (ҳатто шахсий хатларни текшириш учун ҳам). Мулоқотни соғинсангиз, реал ҳаётдаги дўстларингиз билан учрашинг.
  3. Дижитал детоксификация бошланиши учун мияни доимий озуқадан маҳрум қилиш керак. Иложи бўлса, чилла вақтида Интернетга умуман кирманг. Иложи бўлмаса, Интернетдан онгли фойдаланинг ва вақтини чекланг. Интернетдан нима олмоқчи эканлигингизни аввал қоғозга ёзинг, кейин Интернетни ёқинг, керакли нарсани олинг ва ўчиринг.
  4. Телеграм, ФБ Мессенжер, Ватсап, Clash of Kings ва ҳоказо смартфондаги барча иловалар ва ўйинларни ўчириб ташланг. Аппаратни фақат қўнғироқ қилиш ва смс ёзиш учун ишлатинг.
  5. Янгилик, хабарлар сайтларини компьютерда ҳам, телефонда ҳам ўқиманг. Дарёдан бошлаб, New Yorker'гача бўлган сайтларга тақиқ қўйилади. 40 кун ичида дунёга ҳеч нарса қилмайди, ҳавотир олманг. Ҳақиқатдан ҳам оламшумул воқеа содир бўлса, дўстларингиздан биласиз.
  6. ТВ/Радио ёқилмайди. Барибир, уларда кўрадиган, эшитадиган ҳеч нарса йўқ.
  7. Мусиқа/кинофилмлардан воз кечиб туринг. Айниқса, ўзбекчасидан. Турган-битгани зарар ва мияни примитивлаштириб юборади.
Бу тажрибадан мақсад, Интернет ва дижитал кўнгилочарлик устидан назоратни ўрнатиш, улар сизни назорат қилишидан қутилишдир. Рамазон ойи бу тажриба учун идеал муҳитни яратади, шу имкониятдан фойдаланиб қолиш керак.
Бўшаб қолган вақтингизни хоҳласангиз ибодат ва зикр, тафаккур билан, хоҳласангиз жиддий (касбий, руҳий, диний ва ҳ.к) китобларни ўқиш билан ўтказинг. Бисмиллоҳ деб, мен эртадан чиллани бошладим, қўшиладиганлар борми :) ?
Сардор Салим