Биласизми?

Тез юриш эрта ўлим эҳтимолини камайтириши аниқланди

Тез юриш барча сабаблардан эрта ўлим эҳтимолини 20 фоизга камайтиради. Австралия, Буюк Британия ва Ирландия олимларидан иборат халқаро гуруҳ шундай хулосага келди.

Мутахассислар Бирлашган Қиролликнинг 30 ёшдан ошган 50 мингдан зиёд аҳолиси иштирокида тадқиқот ўтказишди. Шунингдек уларнинг тана массаси индекси ва жисмоний фаоллик даражаси ҳам инобатга олинди. Бунда иштирокчиларда юрак-қон томир ва саратон касалликлари бўлмаслиги кераклигига эътибор қаратилди. Тўрт ҳафта давомида қатнашчилар қанча ва қандай темпда юришганини ёзиб юришди.

Маълумотлар икки йил давомида тўпланди. Тадқиқот муаллифлари одамларнинг аниқ ҳаракатланиш тезлигини қайд этишмади, бироқ энг тез юриш камида соатига 4 милга (6,4 км/с) тенг бўлганини таъкидлашмоқда, дейилади British Journal of Sports Medicine нашрида.

Олимлар ўртача тезликда юрган кишиларда барча касалликлардан эрта ўлим эҳтимоли 20 фоизга, бу ишни фаолроқ амалга оширганларда эса 24 фоизга камайганини аниқлашган. 60 ёшдан катталар гуруҳида бу таъсир янада кучли намоён бўлган. Бундай тоифада юрак-қон томир касалликлари натижасидаги ўлим эҳтимоли ўртача тезликда юрганда - 46 фоизга, юқори тезликда юрганда 53 фоизга камайган.

Манба: Kun.uz