Биласизми?

Тиш пастасидан яна қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин?

Тиш пастаси фақат тишни тозалашда эмас, балки рўзғорнинг бошқа юмушларида бекаларга яқиндан ёрдам бериши мумкинлигини кўпчилик билмаса керак. Ундан самарали фойдаланишнинг юздан ортиқ тури мавжуд. Қуйида улар ичида энг самарали турлари келтирилади.

Ёқимсиз ҳидлардан халос бўламиз

  • Пиёз, саримсоқ ва балиқ тозалагандан кейин қўлга “ёпишиб” қолган ёқимсиз хидни бартараф этиш учун, қўлларингизга бир дақиқа тиш пастасини суртиб, кейин совуқ сув билан ювиб ташланг.
  • Худди шундай: барча ёқимсиз ҳидли ошхона анжомларига ҳам бир дақиқа тиш пастасини суртиб қўйиб, кейин совуқ сув ёрдамида ювинг.

Доғларга қарши

  • Идиш-товоқларни ёғ ва қурумдан тозалаш учун, 5-10 дақиқа тиш пастаси суртиб қўйиб, кейин идиш товоқ ювадиган губка билан илиқ сув ёрдамида ювиш тавсия этилади.
  • Тиш пастаси шунингдек, кумушдан ясалган идишларни тозалашда энг самарали восита ҳисобланади.
  • Қошиқ, санчиқи ва пичоқ каби ошхона анжомларингиз ҳар доим ялтираб туришини истасангиз, гоҳ-гоҳида уларни тиш пастаси билан ювиб туринг.
  • Тиш пастасидан оқ крассовкаларни доғлардан тозалаш ва тирналган жойларини беркитишда ҳам фойдаланиш мумкин.
  • Озгина (фақат оқартирувчи хусусиятга эга бўлмаган) тиш пастасини сув билан аралаштириб, янги идиш-товоқ губкаси ёки тоза мато билан кўпиртиринг. Ҳосил бўлган кўпикни бир неча дақиқага кийимга ўрнашиб қолган доғ устига қўйиб қўйинг. Тиш пастаси қаҳва, мева ва ёғ доғларини бир зумда йўқотади.

Гўзаллик ва саломатликда

  • Тирноқларни оқартириб, янада мустаҳкам қилмоқчи бўлсангиз, 7-10 кун давомида ҳар куни кечқурун тирноқларингизга тиш пастаси суртинг. Бундай ниқоб 2-3 дақиқа ушланиб, кейин илиқ сув ёрдамида яхшилаб ювиб ташланиши керак.
  • Агар сиз тупроқ билан ишласангиз, унда тиш пастаси сизга энг яхши тозаловчи восита бўлиши мумкин. Бунинг учун оз миқдордаги пастани чўткага суртиб, қўлингиз ва тирноқларингизни сув тагида ишқаланг.
  • Оёқ бармоқларидаги қадоқ устига юпқа қилиб тиш пастасини суртинг ва тўлиқ қуриганидан кейин қўрқмасдан пойабзал кийинг. Тиш пастаси қадоқни зарарлантириб, сизни оғриқдан халос этади.
  • Чивин чаққан жойга тиш пастаси суртсангиз, қичишишдан қутуласиз.
  • Тиш пастаси майда ҳуснбузарлар ва ҳаттоки, гепресни йўқота оладиган энг самарали воситадир.                                                                                                                                         Манба: Beka.uz